Германиянинг йирик кўргазмалар ташкилотчиси Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очмоқда

19:25 20 Февраль 2024 Жамият
250 0

Пойтахтимиздаги “Central Asian Expo CAEx” халқаро кўргазмалар мажмуасида ташкил этилган матбуот анжуманида “Business Media Central Asia Uzbekistan” (“BMCA Uzbekistan”) вакиллигида Ўзбекистонда Германиянинг “Messe Frankfurt” кўргазма компаниясининг ваколатхонаси ва расмий офиси очилиши эълон қилинди.

Тадбирда нуфузли халқаро компаниялар вакиллари, жумладан, “Messe Frankfurt Group”, “Business Media Europe”, “BMCA Uzbekistan”, “CAEx” компаниялари раҳбарлари ва бошқалар қатнашди.

Анжуманда “BMCA Uzbekistan” “Messe Frankfurt” халқаро кўргазма концернидан Ўзбекистонда йирик кўргазмаларни ташкил қилиш учун аккредитация олганлиги эълон қилинди. Энди “Automechanika”, “Futuroad”, “Scalex”, “Heimtextile”, “Texworld”, “Apparel Sourcing” ва “BeautyWorld” каби халқаро кўргазмалар “CAEx” ҳудудида ўтказилиши мумкин.

“Messe Frankfurt Group” вице-президенти Стефан Курсавски тадбирдаги нутқида компаниянинг минтақадаги фаолияти кенгайишига ишонч билдириб, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини ўташини қайд этди. Кўргазмаларнинг ўтказилиши сармоя жалб этиш, саноатни ривожлантириш ва мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

1907 йилда асос солинган “Messe Frankfurt Group” бугунги кунда дунёдаги энг йирик кўргазма ва тадбирлар ташкил этиш концерни ҳисобланади. Ҳар йили 100 дан ортиқ халқаро кўргазмалар ва қарийб 2500 кишилик ишчи кучи билан у тадбирлар бозорида катта тажриба ва обрўга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?