Қорқалпоғистонда ғалла ўримига киришилди
Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Бу йил деҳқон ва фермерларимиз учун «Ғалла йили» бўлди, десак муболаға бўлмайди. Баҳорда ёғингарчилик кўп бўлгани миришкор бободеҳқонлар ҳосилига сермаҳсул замин яратди.
Бугун қуёш тафтида ғарқ пишиб етилган буғдой далаларда ўрим авж паллага кирди. Амударё туманида бўлиб ўтган кўргазмали семинар ҳам бободеҳқонларимиз томонидан етиштирилган ғалла маҳсулотларини нест-нобуд қилмасдан, талон-тарожликларга йўл қўймасдан, тез фурсатларда йиғиб олиш бўйича белгиланган режаларга бағишланди. Семинарда Қорақалпоғистондаги барча туман ҳокимлари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, деҳқонларга ғалла етиштиришда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳамда тумандаги кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, деҳқон ва фермерларимизни, соҳа ходимларини жорий йилда мўл ҳосил етиштириш бўйича қилган меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирди. Мавсумолди техникалар кўриги, далаларда комбайнларнинг ҳаракатланиши учун барча қулай шароитлар яратилиши ҳақида тўхталиб ўтди.
Сир эмас, Қорақалпоғистонда жорий йил 63 минг гектар ғалла майдонларидан 189 минг тонна буғдой ҳосилини дон корхоналарига қабул қилиш режалаштирилмоқда. Етиштирилган ғалла ҳосилини йиғиб олиш учун 202 та комбайнлар, 606 та дон ташиш автомобиллари, 1 376 та трактор ва тиркамалари, 105 та ёнилғи ташиш агрегатлари, 689 масъул мутахассислар бириктирилди.

— Ғалла етиштиришда уруғ сифати жуда муҳим, — дейди «Юсуф хўжа» фермер хўжалиги раҳбари Шавкат Яхшимуродов. — Мазкур кўргазмали семинарда келгуси йил уруғининг сифатига алоҳида эътибор қаратилгани қувонарли ҳол. Бизга яхши уруғ, қулай шароит, махсус техника воситалари керак. Уруғлик ғаллани ўрадиган комбайнлар қизил рангли рақамлар билан белгиланиб, улар фақат уруғлик ғаллани ўриши белгиланди. Товар ғалла ҳосилини ўрадиган комбайнлар кўк рангли рақамларда ишга тушиши режалаштирилди.
Жорий йилда 25 гектар майдонда буғдой экдик. Мана, дастлабки даламиз кўнглимиздагидек ҳосил бермоқда. Ғалла сомонини чорва моллари учун йиғиштириб, ишчи ходимларимиз такрорий экинлар экишга тайёрламоқда.

Шундан сўнг нуроний оқсоқоллар дуога қўл очиб, халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган ғалладан баланд хирмон яратилишини сўраб дуо қилдилар. Шу тариқа комбайнлар ҳаракатга тушиб, ғалла ўрим-йиғими бошланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг