Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиш имконияти қай даражада?

09:42 31 Октябр 2024 Жамият
118 0

Сўнгги йилларда юртимизда спорт, жумладан, футболга катта эътибор қаратилмоқда. Яратиб берилаётган шароитлар эса бугунгидек улкан ғалабаларга сабабчи бўлаётир, десак, муболаға эмас. Буни ўзбек футболида кузатилаётган катта ўсишдан ҳам билиш мумкин. Турли ёш доирасидаги катта-кичик мусобақалар қатори катта турнирларда ҳам миллий терма жамоамиз яхши натижаларни қўлга киритмоқда. Мана, икки йилдирки музаффарлик туғи уларнинг қўлида.

Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида майдондаги ҳеч бир нуқтада рақибларга имконият қолдирмаяпмиз. Охирги ўтказилган ўйинда ҳам жамоамиз халқимизни хурсанд қилди, яъни саралаш доирасидаги Бирлашган Араб Амирликлари миллий терма жамоасига қарши ўтган баҳсда вакилларимиз 1 – 0 ҳисобида зафар қучди. Гарчи улар бош мураббийсиз ўйнаган бўлишса-да ҳар бир ҳаракатларида жамоабоши Сречко Катанес имзоси борлиги сезилиб турди. Қайд этиш жоизки, ҳали шу пайтгача жаҳон чемпионати саралаши доирасида имкониятларимиз бу қадар юқори бўлмаганди. Бу, албатта, уларга билдирилган катта ишонч билан бирга, улкан масъулият ҳам юклайди.

Таркиб ҳақида тўхталадиган бўлсак, жамоамизда оптимал таркиб шаклланган. Охирги баҳсда ҳам асосий таркибда тушган ўйинчиларининг саккиз нафари хориж клубларида тўп тепиши бунга ёрқин исбот. Улар орасида кучли бешлик чемпионатида фаолият олиб борадиганлари ҳам бор. Бундан ташқари Осиёнинг гранд клублари, Россия ва Туркия чемпионатларида муваффақиятли қатнашаётган футболчиларимиз ҳам жамоанинг асосини ташкил этди.

Миллий терма жамоамиз сўнгги ўйиндан сўнг ҳисобида 1429.26 очко билан ФИФА рейтингида 58 ўринга кўтарилди ва Осиёда ҳам аста-секин рақибларимизни қувиб ўтяпмиз. ОФКда биздан олдинги ўринларда Япония (15), Эрон (19), Жанубий Корея (22), Австралия (24), Қатар (46), Ироқ (56) миллий терма жамоалари турибди. Умуман олганда, юқорида номлари қайд этилган терма жамоалар билан Ўзбекистон МТЖ футболчилари тенгма-тенг кураша олишади, ФИФА рейтинги ҳам нисбий албатта.

Хўш, 2026 йилда АҚШ ва Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтадиган нуфузли мусобақага вакилларимиз чиқа олишадими? Кейинги ўйинларда қандай натижаларни қўлга киритсак, мундиаль йўлланмасига эга бўламиз?

Келинг, бир ҳисоб-китоб қилиб кўрсак. Маълумки, олдинда бизни яна олтита баҳс кутмоқда. Бу ўйинларнинг атиги учтасида ғалаба қозонолсак жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишимиз мумкин. Айни пайтда гуруҳ жадвалида 10 очко билан, тўплар нисбатини ҳисобга олган ҳолда 2 ўринда боряпмиз. Учта ўйинда қўлга киритиладиган 9 очко билан жами 19 очко жамғара оламиз. Бу эса Ўзбекистон термасининг нуфузли беллашуви сари йўл олишига етарли бўлади.

Турнир жадвалида биздан кейинги ўринларни банд этган жамоаларнинг энг яқини биздан 6 очко орқада. Ўзбекистоннинг яқин таъқибчилари — БАА ва Қатар термаларида 4 очкодан мавжуд бўлиб, олдинда яна 6 та ўйин борлиги ҳисобга олинса улар 19 очко жамғариш учун камида 5 та ўйинда ғалаба қозонишлари керак бўлади. Улар орасида ўзаро ўйинлар ва гуруҳ фаворити Эрон билан баҳс ҳам бор.

БАА термаси ўз майдонида Эронга имкониятни бой бергани ва жавоб ўйини Теҳронда ўтишини инобатга олсак, улар учун бу натижа деярли имконсиздир. Қатар термаси эса худди шундай вазиятда БАА билан беллашади. Бундан ташқари Қатарнинг Ўзбекистон билан иккита ва БААнинг битта ўйини борлигини ҳисобга олсак, ушбу баҳсларда ҳам рақиблар ғалаба қозониши осон кечмайди. Шунингдек, гуруҳда ҳаммага бош оғриғи бўла оладиган Шимолий Корея терма жамоаси ҳам бор. Асосий рақибларимиз эса ушбу жамоа билан кераксиз дуранглар қайд этиб, ўз имкониятларини пасайтириб юборишди. Вакилларимиз эса кейинги учта баҳсни Қатар, Шимолий Корея ва Қирғизистонга қарши олиб боришади. Ушбу ўйинлардаги максимал натижалар жаҳон чемпионати йўлланмасини Ўзбекистон миллий терма жамоасига тақдим эта олади.

Хайрият, энди бу сафар ҳисобни биз эмас, фақат рақиблар амалга оширишади. Бир пайтлар 1 очко ёки битта гол фарқи билан қолиб кетгандик гуруҳда. Умид қиламизки, бу гал ундай бўлмайди. Саралаш босқичи якунига етмасданоқ байрамни бошлайверсак бўлади. Жамоамизга эса матонатли ўйин ва омад ёр бўлишини тилаймиз.

Анвар ЭШНАЗАРОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?