Фуқароларга ажратилган кредит маблағларини ўзлаштирган Марказий банкнинг Наманган вилоят бошқармаси мутахассисига суд ҳукми ўқилди
Фото: Иллюстратив cурат
Кейинги пайтларда тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган молиявий ёрдам ҳисобига ўз бизнесини йўлга қўйиб олаётган юртдошларимиз сафи муттасил кенгайиб бормоқда. Бу, энг аввало, давлат томонидан тадбиркорлик ҳаракати ривожи учун яратилган қулай имкониятдир. Хўш, банк кредитларини олиш осонми, қолаверса, бундай маблағлар ҳақиқий эгаларига етиб боряптими?
Айрим молиявий муассасаларда содир бўлаётган ажабтовур қонунбузилишлар бу саволга узил-кесил ижобий жавоб беришни мушкуллаштиради. Боиси, давлат томонидан аҳоли учун ажратилаётган кредит маблағларини талон-торож қилиш, ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар натижасида ўзгалар мулкига кўз олайтириш, давлат бюджетини талашдек виждонсизликка йўл қўйган банкирлар ҳамон учрамоқда.
Марказий банкнинг Наманган вилоят бошқармасида мутахассис бўлиб ишлаб келган ўттиз ёшли Жавоҳир Темиров (исм-шарифи ўзгартирилган) шундай ишга қўл уриб, охир-оқибатда эл ичида шарманда бўлди, иш жойидан ажралди. У жиноий шериклари билан ўзаро тил бириктирган ҳолда «Ҳар бир оила – тадбиркор» давлат дастури доирасида фуқароларга ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишни одат қилади. Хусусан, «Агро банк»нинг Тўрақўрғон филиалидан асаларичилик йўналиши бўйича фуқаро Г. Юсуповага ажратилган 26 миллион сўм ҳамда яна бир фуқаро А.Нуриевга ажратилган 25,5 миллион сўм пулларни жиноий шериги Жобир Сиддиқов раҳбарлигида ташкил этилган масъулияти чекланган жамият ҳисоб рақамига тушириб олади. Эгри ҳаракатнинг натижаси аниқ - ўз эгаларининг ишини юритиш учун сармоя вазифасини бажариши лозим бўлган пуллар банк ходимининг ҳаром луқмасига айланади.
Болта тушгунча кунда дам олади, қабилида иш тутган банкир яна бир ҳолатда юқоридаги банк филиалидан иссиқхона қуриш йўналиши бўйича фуқаро С.Маҳмудовга ажратилган 26 миллион сўм ҳамда фуқаро И.Хабибуллаевага ажратилган шунча миқдордаги кредитга кўз олайтиради. Бу маблағларни ҳам бошқа бир масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига тушириб, жиноий шериклари билан бирга ўзлаштиради. Содир этган жиноятларини яшириш ва жавобгарликдан қочиш мақсадида фуқароларга маҳсулотлар етказиб берилганлиги юзасидан расмий ҳужжатларга сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, банк филиалига тақдим этади.
— Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас. Мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда қайта-қайта қинғир ишларга қўл урган Жавоҳир Темиров кўза кунда эмас, кунида синишини эсидан чиқариб қўйган эди, — дейди олғир банкирнинг ишини кўриб чиққан Наманган вилоят судининг судьяси Шуҳратжон Қурбонов. — Чунки ҳар қандай жиноий иш кун келиб фош бўлиши ва унга жазо муқаррарлиги бор гап. Айни жиҳатдан давлат бюджетидан ажратилган халқ пулларига хиёнат қилган Жавоҳир Темиров ҳамда унинг жиноий шериклари қилмиши ҳам ўз баҳосини олди. Суд ҳукмига кўра, жиноятчиларнинг айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги ҳамда етказилган зарар қопланганлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.
Шу ўринда мулоҳаза туғилади. Маълум бир касб-корга эга бўлиб, қайсидир давлат ташкилотида масъул лавозимда муносиб ўрин топиш учун инсондан йиллар давомида машаққатли меҳнат талаб қилинади. Бироқ, минг афсуски, бундай имкониятга эришган паллада тўғри йўлдан адашадиганлар ҳам йўқ эмас. Худди юқоридаги қилмиш-қидирмишга ружу қўйган банкир мисоли.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг