Фу Мин – ҳунармандлар маҳалласи

12:06 24 Февраль 2025 Жамият
145 0

Шу йилнинг 13-20 февраль кунлари Фарғона вилояти ҳокимлиги делегацияси таркибида Вьетнам давлатида бўлиб, тадбиркор, кулол сифатида ўзим учун кўплаб янги тажрибаларга эга бўлдим. Экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида истиқболли келишувларга эришилгани эса янада қувонарлидир.

Мамлакат пойтахти Ханой шаҳридаги Фу Мин маҳалласига ташриф менда унутилмас таассуротлар қолдирди. Бу маҳалладаги 900 та оилада 3500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳар бир хонадон ота-боболардан мерос ҳунарни давом эттириб, бамбук дарахтидан ип ишлаб чиқариш, табиий маҳсулотлар тайёрлаш билан шуғулланади.

Маҳалладаги оилавий корхоналардан бирининг фаолияти билан танишиш асносида ипдан сават тўқишга ихтисослашган ишлаб чиқариш жараёни бизда катта қизиқиш уйғотди. Оилавий корхона қарийб 40 йиллик тажрибага эга бўлиб, 100 та иш ўрни яратилган. Бир йилда ўртача 8-10 миллион доллар миқдорида экспорт қилади.

Вьетнамда ҳам ўзимизда бўлгани каби касаначилик анча ривожланган экан. Хусусан, Фу Мин маҳалласида жойлашган хонадонлардаги сават тўқиш жараёни биздаги кулолчилик кластери иш услуби асосида ташкил этилади. Шу билан бирга уларнинг кулолчилик маҳсулотлари Туркия кулолчилигига ўхшаб кетади.

Шунингдек, ташриф доирасида Вьетнамнинг Бат Транг шаҳри билан кулолчилик ҳамда савдо-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш, дўстлик жамиятлари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Бат Транг шаҳри ҳамда Риштон тумани ўртасида «Биродар шаҳар» меморандуми имзоланди.

Айтиш жоиз, кейинги йилларда Риштон тумани ҳокимлиги ташаббуси билан дунёнинг кулолчилик соҳаси ривожланган 6 та шаҳри – Туркиянинг Изник ва Кутахя, Италиянинг Дерута, Япониянинг Майдзуру, Озарбайжоннинг Исмоили, Беларусь Республикасининг Круглянски шаҳарлари билан Риштон тумани ўртасида ана шундай меморандумлар имзолангани эътиборга лойиқ.

Айни кунларда Буюк Британия, Франция, Полша, Литва, Грузия, Австралия, Хитой, Саудия Арабистони ва Жанубий Корея мамлакатлари шаҳарлари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида музокаралар давом этмоқда.

Шокиржон АҲМАДЖОНОВ,

Риштон туманидаги «Мингбоши керамик»

оилавий корхонаси раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер