Фарғонада Webster университети филиали ташкил этилади

10:16 08 Октябр 2021 Жамият
1081 0

Фото: Ботир Мадиёров / Халқ сўзи

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Америка Қўшма Штатларининг Webster университети президенти, доктор Джулиан Шустер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Таълим йўналишида дунё рейтингида юқори натижаларга эришиб келаётган Webster хусусий нотижорат университети 2019-2020 ўқув йилидан Тошкент шаҳрида ўз филиалини очган. Университет раҳбарияти Фарғонада ҳам яна бир филиални ташкил этишни режалаштирмоқда.

Webster асосан санъат, тасвирий ва саҳна санъати, педагогика, бизнес ва менежментни ўз ичига олган турли фанлар бўйича бакалавр ва магистрлик дастурлари бўйича ўқитади. Айни пайтда ушбу ОТМ дунёнинг 62 та шаҳрида ўз фаолиятини олиб боради. Таълим муассасасининг 200 га яқин ўқув дастурлари бор.

Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳрида фаолият бошлаши кутилаётган Webster университети филиалини келгусида Фарғона шаҳридаги 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжаллаб барпо этилаётган экошаҳарга кўчириш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. Бу таклиф университет президенти Джулиан Шустер томонидан мамнуният билан қабул қилинди.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?