Фарғонада Хитой ва Ветнам пиллачилик тажрибаси кенг қўлланилмоқда
Қишлоқ хўжалигида чилги ҳосил сифатида жорий йилда Фарғона вилоятида 2786 тонна сифатли саноат хомашёси – пилла етиштириш режалаштирилган. Шу мақсадда замонавий лабораторияларда 46 минг 436 қути ипак қурти уруғи парваришланиб, ушбу жараён тўлиқ маҳаллийлаштириляпти. Йил давомида эса 161 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади.
Ипакчилар шаҳри Марғилонда фаолият кўрсатаётган “Водий маржони” МЧЖда ипак қурти парвариши, хомашёни саноат усулида қайта ишлаш кластер тизими асосида ташкил этилиб, тармоқда қўшимча қиймат занжири яратилишига эришилди.

Фарғона вилояти “Агропилла” МЧЖ селекционер олимлари, агрономлар, тажрибали ипак қурти боқувчилари Хитой, Ветнам тажрибасини ўрганиб келиб, вилоятда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалиётга жорий этишмоқда. Хусусан, Фарғона туманида 2023 йил тажриба тариқасида 1 гектар ерда Хитой, Ветнам давлати янги тут плантацияси ташкил этилди. Бу тут навларидан йил давомида озуқа олиш мумкин, шу билан бирга тут барги фойдали хусусиятларга бой бўлиб, ушбу омил сифатли саноат хомашёси етиштиришда муҳим аҳамиятга эга.
— Хитой ва Ветнамнинг табиий иқлим шароитимизга мос ҳудудларидан тут қаламчалари танлангани боис дастлабки йилнинг ўзида кутилган натижага эришилди, — дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ раҳбари Мақсуджон Қосимов. — Бу йилдан бошлаб шу ерда ташкил этилган илмий-тажриба лабораториясида мазкур навлардан маҳаллий шароитда тут қаламчалари етиштиришга киришилди.

Фарғона вилоятида ипакчилик саноатини ривожлантиришда амалиётга татбиқ этилаётган илғор хорижий тажрибалар ва эришилган ютуқларни оммалаштириш мақсадида ўтказилган ўқув-семинари ҳамда давра суҳбатида ана шулар хусусида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигидаги ташкил этилган ҳудудий илмий-амалий семинарда соҳа фаолияти билан боғлиқ муҳим жиҳатлар сарҳисоб этилди. Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳоким ўринбосарлари, Республика “Ҳунарманд” уюшмасининг водий вилоятлари раҳбарлари, “Агропилла”, ипакчилик кластерлари вакиллари, тажрибали пилла боқувчилар қатнашган семинарда бу борадаги ютуқлар, муаммолар хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Фарғона шаҳридаги вилоят “Тадбиркорлар уйи” мажлислар залида “Ипакчилик соҳасини ривожлантиришнинг янги босқичлари ва йўналишлари” мавзусида бўлиб ўтган семинарда ипак қурти боқишда илмий ва инновацион ёндашув, хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Семинар ишида Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Иқболжон Эргашев, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров қатнашиб, соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг