Фарғонада «Арми-2022» халқаро армия ўйинлари доирасида «Йўл патрули» мусобақалари ўтказилмоқда

14:36 17 Август 2022 Жамият
615 0

Фото: Халқ сўзи

Шарқий ҳарбий округининг Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисм ўқув марказида «АрМИ-2022» халқаро армия ўйинлари доирасида мамлакатимиз мезбонлик қилаётган «Йўл патрули» мусобақалари бўлиб ўтмоқда.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда иштирокчи давлатлар масъуллари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Унда мудофаа вазири ўринбосари, полковник Алишер Норбоев иштирокчиларни қутлаб, барчага омад тилади.

Шундан сўнг «АрМИ-2022» халқаро армия ўйинларининг «Йўл патрули» мусобақасида иштирок этувчи давлатлар жамоалари ҳамда ҳарбий автомобиль назоратига тегишли автомашиналар саф тортди.

Шарқий ҳарбий округи оркестр жамоасининг чиқиши, таниқли бадиий жамоалар ва санъаткорлар ижросидаги катта концерт дастури, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг спорт техникалари намойиши тадбир қатнашчиларининг олқишига сазовор бўлди.

— «Йўл патрули» баҳслари икки босқичда — мутахассислар беллашуви ҳамда ҳарбий-техник эстафета (жамоавий пойга) кўринишида ўтказилади, — дейди мусобақа бош ҳаками, полковник Зафар Базарбаев. — Дастлабки босқичда иштирокчилардан автомашинани экстремал вазиятларда аварияга қарши бошқариш маҳорати, белгиланган маршрутда ўзига хос пойга, инспекторлар томонидан йўл ҳаракатини бошқариш, машина ғилдиракларини алмаштириш ва автомобилни экстремал ёнма-ён тўхтатиш машқларини бажариш талаб этилади.

Ҳарбий-техник эстафета (жамоавий пойга) ҳисобланувчи иккинчи босқичда иштирокчилар махсус кийим ва жанговар қурол билан асфальт йўлагини босиб ўтади. Бунда мусобақа қатнашчилари ўзларига бириктирилган автомобилларда ўрнатилган тўсиқлардан бехато ўтиш ва турли синов машқларини бажаришлари зарур.

Мусобақада Беларус, Эрон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси ва Ўзбекистоннинг икки жамоаси совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?