Фарғонада 245 миллион сўмлик пиротехника воситалари ва телевизорларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди  

13:53 18 Ноябрь 2021 Жамият
728 0

Фото: "Халқ сўзи"

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Миллий гвардия билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Тезкор тадбир давомида “Бағдод-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган И.Ф. бошқарувидаги “ISUZU” русумли автомашина кузатувга олиниб, Бағдод тумани ҳудудида тўхтатилди ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада автомашина юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дастлабки қиймати 139 миллион сўмлик 3 турдаги 376 000 дона пиротехника воситалари, 65,7 миллион сўмлик 41 дона телевизорлар борлиги аниқланди.

Шундан сўнг тадбир давом эттирилиб, ушбу маҳсулотларни юклаган фуқаро Б. И. нинг Бағдод туманидаги уйидан 40,8 миллион сўмлик 3 турдаги  24 дона телевизорлар далилий ашё тариқасида олинди.

Тадбир давомида умумий қиймати 245,5 миллион сўмлик 376 минг дона пиротехника воситалари ҳамда 65 дона телевизорлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?