«Фарғона тонг отгунча...» ғазали муаллифи Ҳазиний уй-музейида бўлганмисиз?!

11:47 17 Январь 2025 Жамият
307 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида Қўқон адабий муҳити таъсирида ўзбек адабиётининг бир неча дарғалари етишиб чиққан эди. Тарихчи олимларнинг қайд этишича, ўз вақтида Қўқон адабий муҳитида шаклланган 300 нафардан зиёд ижодкорларнинг асарлари бугунгача халқимиз томонидан севиб мутолаа қилинмоқда.

Бу хусусда гап кетганда, Муқимий, Фурқат, Ҳазиний каби атоқли номларни фахр билан тилга олишимиз мумкин. Бугунги кунда Қўқонга қўшни ҳудуд Учкўприк туманининг Кенагас қишлоғида Ҳазиний уй-музейи фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда бу ерда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, тарихий ва қутлуғ масканда зиёратчилар учун қулай шароитлар муҳайё этилди.

Музей ходимларининг эътироф этишича, Ҳазиний шеъриятининг энг муҳим хусусиятларидан бири халқ тили ва дилига яқинлигидир. Шу боис унинг асарлари «кўпчиликнинг туйғу, завқига ёқиб« тушган ижод намунаси сифатида эътироф этилади. Унинг бизгача тўрт минг мисра атрофидаги адабий мероси сақлаб қолинган.

Шоир ижодида ўз даври адабий муҳитида энг кўп қўлланган жанрлар — ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддасларнинг сара намуналарини учратиш мумкин. Шоирнинг халқ тили ва дилига яқин ижод намуналари ўз даврида кўплаб ҳофизлар томонидан халқ сайиллари, тўйлар ва турли маъракаларда айтилган. Унинг «Ё ҳаёт ан набий» радифли ғазали билан айтилган қўшиқ Ҳамроқул қори ижросида граммофон пластинкасига ҳам ёзиб олинган. Ҳазинийнинг «Фарғона тонг отгунча» ғазалига Мухторжон Муртазоев куй басталаган бўлиб, у мумтоз санъатимиз дурдонаси сифатида ҳамон халқимизнинг ардоғида.

— Ҳазиний уй-музейи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 июлдаги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, айни пайтда Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи филиали сифатида фаолият кўрсатади, — дейди муассаса раҳбари Наргиза Ваҳобова. — Шу тариқа яқин йилларда Фарғона вилояти Маданият бошқармаси томонидан музейнинг илмий концепцияси ишлаб чиқилиб, Ҳазиний даври ва унинг адабий меросига алоқадор экспонатлар йиғилди. Ҳозир музейда 400 дан ортиқ экспонатлар бор.

Биргина ўтган йилнинг ўзида музейга 4 минг нафардан ортиқ ҳамюртларимиз ташриф буюриб, мумтоз адабиётимизнинг ёрқин вакили ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.

Айтиш жоиз, Ҳазиний 1923 йили вафот этган ва Кенагас қишлоғидаги қабристонга дафн этилган. Кейинчалик Ҳазиний қабри устига мақбара ўрнатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер