Фарғона кўчалари бўйлаб ҳарбийларнинг тантанали пиёда юриш тадбирлари бўлиб ўтди

16:03 14 Январь 2026 Жамият
175 0

Ватан ҳимоячилари байрами куни муносабати билан Фарғона шаҳрида ҳарбий бўлинмалар зобитлари ҳамда аскарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари иштирокида пиёда юриш тадбирлари ўтказилди.

Унда нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол ҳам иштирок этиб, ҳарбий оркестр садолари остида ҳаракатланаётган турли бўлинмалар жамоаларини қизғин қўллаб-қувватладилар.

Тантанали юриш давомида Ватан, мардлик ва жасорат туйғуларини тараннум этувчи қадрдон куй-қўшиқлар жаранг сочди. Ҳарбий техникалар, отлиқ аскарлар, ихтисослашган тузилмалар хизматчилари навбати билан ҳаракатланиб, Миллий армиямиз қудрати ва салоҳиятини намоён этишди.

Тадбир режасига кўра, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги тасарруфидаги ихтисослашган бўлинмалар ва куч тузилмалари шахсий таркиби ҳарбий оркестр садолари остида муҳташам “Истиқлол” стадиони ҳудудидан шаҳар маркази томон саф юришини амалга оширди.

Шундан сўнг байрам тантаналари Фарғона давлат университетида давом этди. Таълим даргоҳида талабалар, ўқувчи ёшлар ҳамда Ватан ҳимоячилари иштирокида ҳарбий ватанпарварлик фестивали ўтказилди. Фестиваль давомида кейинги йилларда Қуролли кучларимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ҳамда халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар юксак эътироф этилди.

Шунингдек, юзма-юз мулоқотлар мобайнида ҳарбийлар томонидан мардонавор саф тайёргарлиги, жанговар ҳаракатлар, қурол-яроғлар кўргазмаси бўйича маҳорат сабоқлари ўтказилди. Йигит-қизлар учун ҳарбий либосларни кийиш, қурол-аслаҳалардан фойдаланиш, машғулотларда ўзини синаб кўриш имконияти яратиб берилди.

Юрт посбонларининг жанговар чиқишлари ҳамда ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги севимли мусиқалар байрам қатнашчиларига унутилмас таассуротларни улашди.

—Халқ ва армия якдиллигини таъминлашда бундай учрашувлар жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга,—дейди Фарғона давлат университети доценти Қувватали Раҳимов.—Ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилаётган бу каби байрам тадбирлари яхши анъанага айланган бўлса-да, ҳар сафар иштирокчиларга ўзгача руҳ, хуш кайфият бахш этади. Бундай лаҳзалар Ватаннинг куч-қудрати ва ҳарбийларимиз салоҳиятини яққол ҳис этиш имконини беради.

Ўз навбатида келажагимиз ворислари – янги авлод қалбида элу юртга садоқат, ватанпарварлик ҳамда миллий ғурур-ифтихор туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?