Эртага Гулистонда III Халқаро бахшичилик фестивали бошланади

14:49 05 Май 2023 Маданият
754 0

Фото: «Халқ сўзи»

Гарчи III Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиши 6 майда бўлиб ўтиши кутилаётган бўлса-да, мана бир неча кундирки, Гулистон шаҳрида ушбу улкан маданий-мусиқий байрам шукуҳи кезмоқда. Вилоят мусиқали драма театри, “Билимдонлар маскани” майдонларида ўз манзилгоҳларини ташкил қилган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган бахшилар, жировлар,фольклор-этонографик жамоаларининг чиқишлари бир-бирига уланиб, тонгдан тунгача давом этмоқда. Таъбир жоиз бўлса, бугун Сирдарё вилояти марказида том маънода халқимиз халқ оғзаки ижодининг турфа чечаклари жамланган гўзал гулдаста жамланди.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудуди вакиллари фестивалга катта тайёргалик билан келди. Масалан, Сурхондарё вилояти жамоаси таркибида ўндан зиёд таниқли ва истеъдодли ёш бахшилар бўлиши баробарида, мазкур ҳудуднинг павильонига қўйилган сўзана, қуроқ ва туя жўнидан тўқилган гилам томошабинлар эътибори ва эътрофига сазавор бўлаётир.Гап шундаки, ушбу миллий буюмлардан бирининг узунлиги 33 метр бўлса, бошқаси 25 метр атрофида.
 
- Ушбу фестиваль нафақат дунё бахшичилик санъатининг намойиши, балки халқимизнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлайдиган, бир-бири билан ижодий ҳамкорлик қилиш имкониятини ҳам берадиган, бир-биридан ўрганадиган майдон ҳамдир,-дейди Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри бош режиссёри Умрбек Бектўрғанов.-Масалан, бизнинг боломан деб номланган мусиқий асбобимиз қўпчиликда қизиқиш ўйғотмоқда.Унинг ёқимли оҳанглари барчанинг эътиборини тортмоқда.

 Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаевнинг кенжа шогирди,Сурхондарёдан келган Аъзам Аллаев “ Биз ёш бахшилар қанча фахрлансак арзийди. Негаки, бир вақтлар не-не бахшиларимиз орзу қилган мана шундай жаҳон саҳнасида, катта фестивалда дўмбира чертиб, термалар, достонлар айтишдек имкониятга эгамиз ” дейди. Хивалик Ўринбой бахши Юсуфов эса бахшичилик бўйича ҳам тегишли таълим муассасаларида махсус йўналишлар ташкил этилганлиги халқимизнинг мазкур улкан маданий бойлигини асраб-авайлаш, янада ривожлантиришга хизмат қилишини миннатдорлик билан эътироф этди.

 Айтиш лозимки, Гулистонда 6-8 май кунлари бўлиб ўтадиган бахшичилик фестивалига жами 1500 нафардан ортиқ ижодкорлар жалб этилган бўлиб, тадбирнинг тантанали очилиш маросимига алоҳида дастур асосида тайёргарлик кўрилмоқда.

Бахшичилик санъатининг айнан Гулистон шаҳрида ташкил этилишининг рамзий маъноси бор. Яъни, жорий йилда Сирдарё вилояти ташкил этилганининг 60 йиллиги ҳам кенг миқёсда нишонланмоқда ва ушбу санага бағишланган кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Айни пайтга келиб, мазкур анжуманда иштирок этиш истагини билдирган 30 дан зиёд хорижий давлатлардан бахшичилик санъатига доир мусиқа ижрочилари,таниқли маданият ва санъат вакиллари ҳамда кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллар, фахрий меҳмонлар келиши кутилмоқда.

Фестиваль доирасида бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, бахши-шоир, оқин ва жировлар ижодининг шарқ маданияти ва санъатидаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш ва бошқа масалаларга оид “Замонавий бахшичилик санъати: олтин мероснинг янги оҳанглари”мавзуидаги ҳалқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.Хорижий ва Ўзбекистон бахшичилик санъати усталарининг яккахон концертлари ва достончилик кечалари,бахши-шоир, оқин ва жировлар ҳамда фольклор жамоаларининг халқаро кўрик-танлови,сайиллар ташкил этилади. Мамлакатимизнинг дунёга машҳур шахслари ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида замонавий усулда саҳналаштирилган дастур намойишлари бўлиб ўтади.Шунингдек,бахшичилик санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, форс, араб, инглиз ва рус тилларида нашр этилган илмий-тадқиқот асарлари ҳамда илмий-маърифий адабиётлар намойиши ҳам бўлади.

Фестиваль кўрик-танловнинг ғолиблари ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ва гала-концерт билан якунланади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?