Энди автомобиль давлат рақамини қалбакилаштирганлар қамалиши мумкин

18:28 21 Февраль 2025 Жамият
213 0

Фото: Сирдарё вилоят ЙҲХБ

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Қонун қабул қилинди.

Унга кўра, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, ўтказганлик ёки улардан фойдаланганлик, шунингдек уларни қалбакилаштирганлик базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини ва тракторчи-машинистларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳонлар ўтказиш ва гувоҳномалар бериш тартибини бузган шахслар ҳам қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун ҳамда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик учун ҳам тегишли жавобгарликлар белгиланган.

«Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради», дейилади ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?