Экология вазирлиги шарлар учун божхона тўловини 10 бараварга оширишни таклиф қилди

20:08 01 Июль 2024 Иқтисодиёт
731 0

Ўзбекистонга шарларни олиб кириш учун божхона тўловларини 10 бараварга ошириш таклиф қилинди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик Ҳукуматнинг 2024 йил 28 июндаги «Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилингани, шунга қарамай, айрим тадбиркорлар экология ва аҳоли саломатлиги ҳақида қайғурмаган ҳолда шар учириш каби тадбирлар ўтказаётганини танқид остига олган.

Маълум қилинишича, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Экология вазирлиги томонидан турли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, шарларни Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўловларини 10 бараварга ошириш, юртимизда шар учириш каби тадбирларни ўтказмоқчи бўлганларга утилизация талабини қўйиш ва бунда шарларнинг нархига нисбатан 100 баравар миқдорда нарх белгилаш таклиф қилинган.

«Экология вазирлиги бу каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтириш тарафдори. Шунинг учун экологияга бефарқ бўлмаган юртдошларимизни пластик ўйинчоқлар, шарлар учириш каби тадбирларга йўл қўймаслик, бундай тадбирларга бойкот эълон қилишга чақирамиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5 мингта шар учирилишининг олди олингани ҳақида хабар берилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?