«Эй сўз, не бало ажаб гуҳарсен...»

15:30 06 Февраль 2023 Жамият
1063 0

Фото: Халқ сўзи

Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги

 

Бугунимиз миллатнинг фаоллиги уйғонган, бебаҳо маънавий бойлигимиз, улуғ аллома аждодларимиз хотираси, таъбир жоиз бўлса, эҳтиром «саруполари»га бурканган замона. Барчасинику санай олмасмиз, фақат ҳазрат Навоийга унинг муборак номи билан аталган шаҳарда сўнгги йилларда кўрсатилаётган икромнинг ўзи алоҳида эътиборга молик. Бу ерда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар икки йилда улуғ бобокалонимиз ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган халқаро конференциянинг ташкил этилиши Навоий сиймосига ифтихор камолининг амалий ифодасидир. Шоир ижодини ўрганишда ибратли анъаналар билан бирга бой адабий меросини тадқиқ этишда янги-янги йўналишлар очилмоқда.

Жорий йил ҳазрат Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан анъанавий навоийхонлик кечаларини Навоий давлат педагогика институти жамоаси бошлаб берди. Бу ерда шоир ижоди ва фаолиятига бағишланган «Эй сўз, не бало ажаб гуҳарсен...» илмий-амалий конференцияси ўтказилиб, шоир шеъриятининг янги қирралари, ҳаётининг ибратомуз жиҳатлари хусусида сўз борди. Табиийки, бунда жорий йилимизнинг ижтимоий аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

— Инсон қадри, саховатпешалик, бағрикенглик,меҳр-мурувватлилик, ҳомийликда ҳазрат Навоий беназир бўлган, — дейди институт ректори Баҳодир Собиров. — Тарихчи Хондамир асарларида Алишер Навоийнинг ўзи яшаб ижод этган даврда 52 та работ, 20 та ҳовуз, 16 та кўприк, 9 та ҳаммом ва кўплаб мадрасалар, катта-катта иншоотлар қурдириб, ҳомийлик қилганлиги қайд этилади. Шоир ва давлат арбобининг ушбу ҳиммати ва жасорати барча замонлар учун ибратлидир.

Конференцияда институтнинг навоийшунос олимлари ҳамда талабалар томонидан «Навоий ғояларининг замонавийлиги», «Малолик фатҳининг соҳибқирони», «Хамса»даги айрим ҳикоятлар талқини», «Навоийшунослик ва герменевтик таҳлил», «Ҳайрат ул-аброр» структурасида издошлик ва ўзига хослик» мавзуларида маърузалар тингланди.

— Ўрта асрларга қадар яқин ва ўрта Шарқ мамлакатларида диний адабиётда араб, бадиий ижодда форс тили ҳукмронлик қилган бўлса, ҳазрат Навоий ўз ижодий фаолияти билан бу анъана барҳам топишини бошлаб берган, — дейди навоийшунос олим Тоҳир Хўжаев. — Ҳазрат туркий (ўзбек) тил дағал, унда нозик ҳис-туйғуларни нафис тарзда ифодалаб бўлмайди, деган фикрлар ҳукмрон бир шароитда она тилимизни ҳимоя қилиш учун майдонга чиқди. Бу тилимизнинг бойлигини, қудрату салобатини, унинг чексиз имкониятларга эга эканлигини ҳам манзум, ҳам мансур асарлари асосида исботлаб берди.

Анжуманда институтнинг мақомчилар ансамбли томонидан Навоий ғазаллари асосидаги мумтоз қўшиқлар ижро этилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?