Доминиканда тунги клуб томи босиб қолиши оқибатида 100 га яқин киши қурбон бўлди (+видео)

12:00 09 Апрель 2025 Дунё
195 0

Доминикан Республикасининг пойтахти Санто-Доминго шаҳридаги «Jet Set» номли тунги клуб томининг қулаб тушиши натижасида қарийб 100 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақида «BBC» нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, мазкур ҳодиса оқибатида 150 нафардан ортиқ киши турли даражадаги тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. «Jet Set» клуби Санто-Домингодаги машҳур тунги клублардан бири бўлиб, мунтазам равишда рақс мусиқаси концертларига мезбонлик қилади.

Таъкидланишича, фожиа содир бўлган пайтда клубда сиёсатчилар, спортчилар ва бошқа таниқли шахслар ҳам бўлган. Жумладан, ҳодиса сабаб қурбон бўлганлар орасида Монте-Кристи провинцияси губернатори Нелси Круз ҳам борлиги маълум қилинган.

Маҳаллий матбуот маълумотларига кўра, ҳодиса содир бўлган пайтда клубда 500 дан 1000 нафаргача одам бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирлардан кўриш мумкинки, клубдаги концерт иштирокчиларининг айримлари бино томининг қулаб тушиши мумкинлигини сезишган ва турли ишоралар қилишган.

«Қутқарувчилар ҳанузгача вайроналар остидан одамларни чиқаришда давом этмоқда, жароҳатланган 150 дан ортиқ киши турли даражадаги жароҳатлар олиб касалхонага ётқизилди. Умид қиламанки, қулаган том остида қолганларнинг кўпчилиги ҳамон тирик ва қутқариб олинади», — дейди Фавқулодда вазиятлар маркази директори Хуан Мануэл Мендез.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?