Депутат ўз ҳудудида қабулхонасини очди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига 6-Меҳробод сайлов округидан сайланган депутат Акбарали Қаюмов ўз ҳудудида депутатлик қабулхонасини ташкил этди. ЎзЛиДеПдан сайланган депутатлар ва туман, шаҳар кенгашлари аппарат раҳбарлари иштирокида мазкур қабулхонада ўқув-семинари ўтказилди. Партия вилоят кенгаши раҳбарлари, партия фаоллари депутатларнинг ишини жонлантириш, сайловчилар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида бундай қабулхоналарни очиш муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Депутатлик сўрови юбориш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.
— Сайлов округида 25 та маҳалла бўлиб, сайловчилар сони 30010 нафарни ташкил этади, — дейди депутат Акбарали Қаюмов. — Сайловчиларга қулайлик яратиш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва белгиланган тартибда ҳал этиш учун мазкур қабулхонани ташкил этдик. Шу пайтгача округ бўйича 50 дан ортиқ муаммолар ўрганилиб, ечим топиш бўйича йўл харитаси тузилди. Манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Бундан ташқари депутат Акбарали Қаюмов ўз округидаги маҳаллаларда ҳам бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар олиб бормоқда. Маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар билан яқиндан танишяпти. Ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш ҳамда муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан манзилли режалар тузилган.
Хусусан, Шукрона маҳалласида бўлган учрашувда фуқаролар газ босимининг пасайиб кетгани, кўп қаватли уйлар олдидаги спорт майдончаларининг талабга жавоб бермаслиги, Дарғом канали атрофини ободонлаштириш, Сайқал кўчасининг 500 метр қисми таъмирталаб аҳволга келиб қолганлигини маълум қилишди. Маҳалла ёнидаги бўш турган ерни обод қилиш, маҳалла биноси ходимларга торлик қилаётгани, янги хоналарга эҳтиёж борлиги айтилди.
Депутат ушбу масалаларни жойида ўрганиб, ҳар бир муаммони ҳал қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборишини маълум қилди.
Маълумки, сайловчиларнинг ижтимоий манфаатларидан келиб чиқадиган мурожаат, талаб ва таклифлари ижобий ҳал этилмаса, муаммоларга ўз вақтида ечим топилмаса, депутатга ишонч камаяди. Тўғри, бундай ҳолатда фақат депутатни айблаб бўлмайди. Чунки, сайловчи кўтараётган масалани ижобий ҳал этишга ижро этувчи ҳокимият ҳамиша қодир эмас. Аммо депутат ҳамиша халқ томонида бўлиши, ўзининг ваколатини аҳолига кўпроқ тушунтириши, қайси масала қай даражада ҳал бўлишини уқтириши, халқнинг сиёсий фаоллиги баробарида уларнинг сиёсий савиясини ҳам ошириб бориши зарур.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг