Департамент ноқонуний алкоголь ишлаб чиқариладиган цехни фош этди

09:14 11 Октябр 2024 Жамият
51 0

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг қўлбола алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарган яширин цехни аниқлади. Бу ҳақда Департаментнинг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар М.А., М.М. ва бошқалар Тошкент вилояти, Янгийўл тумани «Қовунчи» МФЙ ҳудудидаги хонадонда яширин цех ташкил этган.

Қалбаки акциз маркалардан фойдаланган ҳолда сотиш мақсадида қўлбола алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарганликлари аниқланиб, ушбу хонадондан «Тошкент оқшоми» номли 185 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулоти ҳамда 85 дона елим идишдаги жами 850 литр этил спирти ашёвий далил сифатида олинган.

Департаментнинг Яккасарой тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «С.Н.» МЧЖ раҳбари Б.Х. харидорга 2 дона акциз маркаси шубҳали бўлган спиртли ичимликни сотган вақтида ушланиб, тадбир давомида ушбу дўкондан турли номдаги қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб,тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?