Деҳқон бозорларида 9 ойда 130 тоннадан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланди

11:12 29 Сентябр 2025 Жамият
124 0

Деҳқон бозорларида 9 ойда 130 тоннадан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари аниқланди. Бу ҳақида «Санепидқўмита» маълум қилди.

Унда айтилишича, «Санепидқўмита» деҳқон бозорларида санитария ҳолатини талаб даражасига келтириш, овқатдан заҳарланишлар ҳамда аҳолини хавфсизлиги кафолатланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни амалга ошириш мақсадида, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбирлар ўтказган.

Хусусан, республикадаги 300 та деҳқон бозорларида ички ишлар бўлимлари, давлат солиқ инспекцияси, ветеринария хизмати ва бозор маъмурияти билан ҳамкорликда доимий назорат ўрнатилиши йўлга қўйилган.

Ўрганишлар давомида сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган, яроқлилик муддати ўтган, органолептик кўрсатгичлари меъёр талабларига жавоб бермайдиган 130 минг 574,87 килограмм озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй шароитида тайёрланган таомлар савдоси тақиқланиб, ўрнатилган тартибда браковка қилинган.

Шунингдек, гўшт, сут, қандолат, салат ва нон маҳсулотларини савдо расталаридан ташқарида, аравачаларда, махсус кийимларсиз, тиббий кўрикдан ўтмасдан, санитария қоидаларига зид равишда савдо қилаётган 514 нафар фуқароларга маъмурий баённома тузилиб, ўрнатилган тартибда жаримага тортилган.

111 та деҳқон бозорида гўшт сотиш учун, 158 та деҳқон бозорларида сут ва сут маҳсулотларини сотиш учун махсус жиҳозланган павильонлар ташкил этилмагани аниқланган.

Бундан ташқари, 27 та деҳқон бозорида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари, 8 та деҳқон бозорларида жамоат ҳожатхоналари, 17 та деҳқон бозорида чиқиндиларни вақтинча йиғиш учун махсус чиқиндихоналар ташкил этилмагани маълум бўлган.

Шунингдек, 80 та деҳқон бозорида эса сув таъминоти киритилмаган, 142 та деҳқон бозорида оқова сувларни йиғиш ва зарарсизлантириш ишлари ташкил этилмаган, 77 та деҳқон бозорларида дезинфекция, дезартизация ва дезинсекция тадбирларини ўтказиш учун ваколатли ташкилотлар билан шартномалар тузилмагани ойдинлашган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?