Деҳли шаҳрида Ўзбекистон экологик туризми салоҳияти тақдим этилди
Тадбирда Деҳли шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, Ҳиндистоннинг етакчи сайёҳлик компаниялари, ишбилармон доиралари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳатов мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, соҳани қўллаб-қувватлаш, хорижий туристлар учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг оқимини ошириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳақида маълумот тақдим этди.
Шунингдек, республикамиздаги мавжуд анъанавий сайёҳлик манзиллари билан бир қаторда хорижлик сайёҳлар орасида тобора оммалашиб бораётган янги йўналишлар, хусусан, экология туризми ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган тизимли саъй-ҳаракатлар, экотуризм соҳасига жалб этилаётган инвестициялар ҳажми йил сари кўпайтирилаётгани ва дам олиш саноатининг ушбу йўналишига қизиқиш тобора ортиб бораётгани ҳақида сўзлаб берилди.
Орол денгизининг қуриган ҳудудига бўталар экиш, мамлакатимизнинг яшил зоналари майдонини изчил кенгайтириш, сув омборлари ва бошқа табиий имкониятлар ва бойликларга эътибор кучайтирилгани урғуланди. Бухородаги “Жайрон” ихтисослаштирилган питомнигида сайёҳлар учун яратилаётган янги имкониятлар мисолида экотуризмнинг ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр юритилди.
– Сўнгги йилларда ҳиндистонликларда Ўзбекистонга сафар қилишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани кузатилмоқда, — дейди Ҳиндистон ташқи туризм операторлари уюшмаси (Outbound Tour Operators Association of India) вакили Гурдип Саҳни. – Сайёҳлар Ўзбекистондан катта таассуротлар билан қайтиб келмоқда, улар мамлакатда мароқли саёҳат қилиш учун барча имкониятлар мавжудлигини айтмоқда ва бундан мамнун бўлмоқда. Биз Ўзбекистон элчихонаси билан мазкур йўналишда яқин алоқалар ўрнатганмиз ва, ишонамизки, ўзаро ҳамкорлик икки томонга ҳам манфаат келтиради.
Шуни таъкидлаш лозимки, туризм соҳасидаги ҳамкорлик ришталарини ривожлантириш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бу йил Ўзбекистонга ҳиндистонлик саёҳатчиларни жалб қилиш бўйича ўзаро алоқалар тарихида энг юқори натижага эришилиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг