Давлат қарзи бўйича маълумотларнинг очиқлиги таъминланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан «Ташқи қарз ҳажмини мақбул даражада сақлаб туриш, давлат қарзи бўйича маълумотларнинг янада очиқлигини таъминлаш» мавзусида семинар ўтказилди.
Депутатлар, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ходимлари, мутахассислар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокидаги тадбирда давлат қарзининг жорий ҳолати, сўнги йиллардаги динамикаси, давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳалар, қарзнинг сўндирилиши ҳамда давлат қарзини мақбул даражада сақлаш ва самарали бошқаришда амалга оширилаётган чоралар, бу борадаги халқаро тажриба атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2021 йил октябрь ҳолатига, давлат қарзи 25,3 млрд. долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,4 фоизни ташкил этди. Шундан, 22,7 миллиард долларга тенг қарздорлик давлат ташқи қарзига тўғри келади. Ушбу ташқи қарз маблағлари асосан бюджетни қўллаб-қувватлаш, инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилган бўлиб, улар мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда давлат қарзини бошқариш бўйича халқаро тажриба, «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳасида белгиланаётган асосий қоидалар моҳияти ва аҳамияти обдон муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси 10 та боб, 58 та моддадан иборат. Унда давлат қарзини бошқариш жараёнидаги айрим тизимли камчиликларни бартараф этиш, давлат қарзи бўйича маълумотларнинг очиқлигини кафолатлашга қаратилган нормалар ўз аксини топган. Қонун лойиҳаси 2021 йил 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди. Лойиҳани тайёрлашда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ва АҚШ Ғазначилигининг экспертлари иштирок этган. Шунингдек, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар тажрибалари ҳам атрофлича ўрганилган.
Семинар иштирокчилари Молия ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари вакилларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.
Хусусан, молия вазири ўринбосари О. Исаков депутатларнинг ички қарз маблағларини ошириш манбалари ҳамда давлат ички ва ташқи қарзларининг мақбул таркибини таъминлаш юзасидан Молия вазирлигининг режалари тўғрисидаги саволларига батафсил маълумот берди.
Унга кўра, ички молиявий бозорлар ҳали етарли даражада фаол бўлмаганлиги боис, ўрта муддатда ички қарз маблағларини оширишда норезидент қарз берувчилар энг муҳим манба сифатида кўрилмоқда, узоқ муддатда эса мазкур маблағларнинг салмоқли улушини ички молиявий бозорларни ривожлантириш орқали ички манбалардан жалб қилиш режалаштирилган.
Бу бўйича Молия вазирлиги томонидан бир қатор чоралар амалга оширилмоқда. Масалан, маркет-мейкер институтини жорий этиш, иккиламчи бозорни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, инфляцияга боғланган давлат қимматли қоғозларини чиқариш амалиётини йўлга қўйиш, давлат қимматли қоғозларини сотиб олувчи инвесторлар базасини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, йиғилиш иштирокчилари томонидан давлат қарзи бўйича валюта айирбошлаш хатарлари қандай бошқарилаётганлиги бўйича саволлар, аҳолининг бўш турган маблағларини давлат қимматли қоғозларини чиқариш орқали жалб қилиш таклифлари билдирилди ва тегишли жавоблар олинди.
Таъкидланганидек, Молия вазирлиги валюта айирбошлаш хатарларини бошқаришда сўмнинг давлат қарзи портфелидаги улушини орттиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Бу бўйича натижаларга эришилмоқда. Масалан, 2018 йилда Молия вазирлиги томонидан умумий қиймати 597,1 млрд. сўм миқдоридаги давлат қимматли қоғозлари аукцион савдоларини ўтказиш орқали жойлаштирди. Сўнгги давр мобайнида миллий валютадаги давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш ҳажми қарийб 14 баробарга оширилди. Шу билан бирга, 2020 йил ва жорий йилнинг июль ойида 2 трлн. сўмдан кам бўлмаган миқдордаги миллий валютада деноминация қилинган суверен халқаро облигациялар Лондон фонд биржасига жойлаштирилди.
Семинарда кун тартибидаги масалалар юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг