Даромад ҳам, барака ҳам томорқада

13:50 22 Январь 2025 Жамият
121 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Яқин йилларгача Фарғона вилоятининг олис ҳудуди ҳисобланувчи Фурқат вилоятнинг иқтисодий ва аҳоли фаровонлиги жиҳатидан анча орқада қолган тумани ҳисобланарди. Бугунги кунда ҳаётбахш ислоҳотларнинг тоза ҳавоси келиб, Фурқатда барча соҳаларда янгиланиш, юксалиш ва фаровонлик кузатилмоқда. Энг муҳими, фурқатликларнинг ҳаётга, ўз тақдирига муносабати ўзгарди. Ҳар жабҳада ташаббускорлик кўзга ташланиб, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида янги-янги истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Бугун туман аҳлининг ҳаёти кечагидан мутлақо фарқ қилади. Бундай янгиланиш ва ўзгаришларни туманинг ҳар бир ҳудудида кўриш мумкин. “Томоша” маҳалла фуқаролар йиғини қўшни Бешариқ тумани билан чегарадош. Ҳозирги кунда томорқадан унумли фойдаланиш борасида ҳудуд аҳли туман миқёсида миришкорлар сирасига киради.

— Айни пайтда бу ерда 3 минг 360 нафар аҳоли истиқомат қилади, —дейди “Томоша” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Шуҳратжон Абдусаломов. —Деҳқончилик ва чорвачилик маҳалла драйвери ҳисобланади. Юзлаб оилаларда иссиқхоналар ташкил этилган. Йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳар қарич ердан унумли фойдаланилади.

Мирзатилло Алиматовлар оиласи мўъжазгина томорқанинг бир қисмидаги иссиқхонада лимон парваришлайди. Оила аъзолари қиш чилласида ҳам иссиқхонада меҳнат қилиб чарчамайди. Озода ва ораста хонадоннинг кўркига-кўрк қўшган Палма гуллари борлиққа атир ифорини таратади. Томорқанинг бир қисмида кўкатлар барқ уриб яшнаб турибди. Хуллас, рўзғор учун мева-сабзавотлар, кўкат ва зираворлар, сут маҳсулотларининг барчасини ўзлари етиштиради.

Оила бекаси Гулбаҳор Алиматова “Томоша” маданият марказида тўгарак раҳбари бўлиб ишлайди. Ишдан бўш пайтда томорқа юмушлари билан андармон. Янгиликка интилувчан опа тажриба тариқасида қуён парваришлади. Ҳозир 8 бош наслли эчки боқяпти. Сигир-бузоқ, ўчоқ-тандир юмушларига ҳам опанинг ўзи бош-қош.

— Бир сотихли иссиқхонадан жорий йилда 300-350 килограмм лимон сотдик, — дея суҳбатни давом эттиради Гулбаҳор опа. — Бу кўкатлар қиш мавсумида оиламизнинг яна бир даромад манбаи. Билган одам учун томорқа улкан хазина. Шу орқали фарзандларимиз ўқиб, жамиятда муносиб ўринларини топишди.

Шу маҳаллада яшовчи Валижон ота ва Холидахон ая Абдураимовлар ҳам тиниб-тинчимас нуронийлардан. Оила соҳиблари 45 йилдан зиёд бирга яшаб, турмушнинг муштига биргаликда бардош беришди. Ҳар иккалалари ҳам узоқ йиллар мактабда дарс беришган. Нафақадаги ўқитувчилар тўрт қиз, бир ўғилни вояга етказишди. Фарзандларининг бири шифокор, қолганлари ота-она касбини танлаган.

Баъзан оиланинг ёлғиз ўғли Аббосбек “Бўлди-да энди, бундоқ дам олсангиз-чи”, дея ота-оналарини койиган бўлади. Қаёқда дейсиз, улар тинимсиз ҳаракатда, меҳнат қилиб роҳатланишади. Беш сотихли иссиқхонада эрта баҳордан помидор, бодринг, турли хил зиравору кўкатлар, булғор қалампири, бақлажон кўчатларини етиштириб сотади. Шу боис ҳамиша иш тиғиз, харидорлар ҳатто қўшни туманлардан ҳам келади.

— Ҳалол меҳнат орқали томорқада пул пулни топади, кетмонни миллионерлар чопади, — дейди Валижон ота. — Бугун бой бўлиш учун томорқада шунчаки ҳалол, сидқидилдан меҳнат қилиш керак.

Фахрий устоз Холидахон ая томорқанинг бир қисмига гул кўчатлари эккан. У кишининг айтишича, баҳорда ранг-баранг гуллар билан безанган ҳовли янада чирой очади. Шу тариқа мазкур оила биргина гулчилик тармоғидан йилига ўртача 25-30 миллион сўм пул топади. Бу икки хонадон маҳалладаги ибратли, намунали оилалар сирасига киради. Иссиқхона учун ажратилган имтиёзли кредитни бир йилдаёқ узиб, маҳалладаги ўн нафарга яқин хотин-қизларни иш ўрни билан таъминлаган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?