«COVID-19» нинг янги штамми Ўзбекистонда аниқлангани ростми? ССВ изоҳ берди

15:01 19 Сентябр 2024 Жамият
816 0

«COVID-19»нинг янги штамми Ўзбекистонда аниқлангани йўқ ва у саломатлик учун жиддий хавф туғдирмайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, халқаро ва маҳаллий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор мамлакатлари бўйлаб «COVID-19»нинг «XEC» номли янги штамми тарқалаётгани, у келгуси ойларда доминант вариантга айланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда.

ССВ Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга таяниб қуйидагиларни маълум қилди:

Биринчидан, халқаро экспертлар хулосасига кўра, «COVID-19»нинг «XEC» версияси «омикрон» штаммининг KS.1.1 ҳамда KP.3.3 вариантлари комбинациси сифатида пайдо бўлган ва илк бор шу йил 15 июнда Германияда аниқланган. Ҳозиргача у 27 мамлакатда рўйхатга олинди.

Иккинчидан, бугунги кунда дунё бўйлаб «омикрон» штаммининг 10 та версияси «айланиб юрибди». Мутахассислар келаётган қиш мавсумида «XEC» версияси доминант, яъни энг кўп қайд этиладиган вариант бўлишини прогноз қилмоқда.

Учинчидан, бу касаллик енгил ва асоратсиз, аниқроғи ЎРВИ ва гриппга хос белгилар билан кечмоқда. Фақат айрим фарқли аломатлари бор. Енгил нафас қисиши, давомли йўтал, таъм ва ҳид билиш қобилияти қисман йўқолиши, ҳолсизлик каби симптомлар шулар жумласидан.

Тўртинчидан, коронавирусга қарши қўлланиб келинаётган вакциналар ҳозир аниқланаётган барча штаммлар, хусусан, «XEC» мутациясига нисбатан ҳам самара беради ва янги эмлаш воситасини ишлаб чиқаришга эҳтиёж йўқ.

Бешинчидан, халқаро тиббий амалиётда «XEC» штаммини юқтирган беморлар асосан бир-икки ҳафтада тўлиқ тузалиб кетиши кузатилмоқда. Амалдаги даволаш протоколлари, муолажа усуллари кутилганидек натижа беряпти.

Маълум қилинишича, ҳозир Ўзбекистонда «XEC» штамми қайд этилгани йўқ. Ўз навбатида, мамлакат «COVID-19»га қарши етарли вакциналар захирасига эга.

«Шу боис юртимизда катта миқёсдаги эпидемия ва пандемиялар кузатилиши эҳтимолдан йироқ. Негаки, аҳолимизда мавжуд бўлган жамоавий иммунитет мазкур касаллик қўзғатувчисини мамлакатимиз ҳудудига кириб келиб, жуда кенг кўламда тарқалиш хавфини сезиларли даражада камайтиради», дейилади хабарда.

Маълумот учун айтиш мумкинки, айни кунгача жаҳонда «SARS-CoV-2»нинг салкам 40 мингта мутацияси қайд этилган.

Аввалроқ, 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг 8-турида Сербия ва АҚШ юртдошларимизга рақиб бўлиши ҳақида хабар қилинганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер