Буюк Британияда янги бош вазир тайинланди. Ҳукуматнинг янги раҳбари Кир Стармер аслида ким?

Шу йилнинг 5 июль куни британиялик сиёсатчи Риши Сунак парламент сайловларида Лейбористлар партияси ғалаба қозонганидан сўнг Консерватив партия етакчилиги ва мамлакат бош вазири лавозимини тарк этишини маълум қилди. Шу тариқа Буюк Британия бош вазири лавозимини Кир Родни Стармер эгаллади. Хўш, Кир Стармер ким, у қандай қарашларга эга?
Болалик ва таълим
Кир Стармер 1962 йил 2 сентябрда Лондонда туғилган. Унга Буюк Британия Лейбористлар партиясининг биринчи раҳбари Кир Харди шарафига исм қўйилган. Кирнинг отаси механик, онаси ҳамшира бўлиб ишлаган. Стармернинг иккита синглиси ва укаси бор. Бўлажак сиёсатчи болалигини Суррейдаги Октед шаҳрида ўтказган, у ерда мактабда мусиқадан таълим олган.
Кир Стармер 1985 йилда Лидс университетини ҳуқуқ бакалаври билан тамомлаган, кейин Оксфорд университети қошидаги Сент-Эдмунд Холл коллежида фуқаролик ҳуқуқи бўйича таҳсил олган. Шу билан бирга, 1980-1990 йилларда у социалистик журналлар учун мақолалар ёзган.
Юридик мартаба
1987 йилда Стармер адвокатлик фаолиятини бошлаган. Бу Британия ва Миллатлар Ҳамдўстлигида судда мижозларни ҳимоя қилишга ихтисослашган адвокатларнинг алоҳида тоифаси. Кир Стармер биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари масалаларига эътибор қаратди. Кейин у Шимолий Ирландия Полиция кенгашида инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган ва 2002 йилда Қироллик адвокати мартабасини олган.
2008 йилдан 2013 йилгача Кир Стармер Қироллик прокуратура хизматини бошқарган. 2014 йилда у Буюк Британия рицарлик ордени — Бани орденига сазовор бўлди. Бу мамлакатда шараф тизимидаги тўртинчи энг юқори мукофот ҳисобланади.
«Бу менинг ҳаётимдаги энг ғурурли кунлардан бири бўлиб, ота-онамни Букингем саройига мен билан бирга [рицарлик унвони]ни олиш учун таклиф қилишди. Ҳатто улар оиламизнинг итини ҳам олиб келишди!», дея эслайди ўша кунларни Стармер.
Сиёсий мартаба
Кир Стармер ўсмирлигидан Лейбористларни қўллаб-қувватлаган. У 2015 йилда лейбористлар аъзоси сифатида Жамоатлар палатасига сайланган ва ўша йили миграция вазири Жереми Корбиннинг кабинетига қўшилган. Бироқ, 2016 йилда Стармер Корбиннинг сиёсий йўналишига рози эмаслигини айтиб, бу лавозимни тарк этди.
Шунга қарамай, ўша йилнинг октябрь ойида Кир Стармер Лейбористлар партиясининг ҳукуматда Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши («Brexit» деб аталадиган) бўйича стратегияси котиби лавозимини эгаллади. Сиёсатчининг ўзи мамлакатни Европа Иттифоқидан чиқишига қарши бўлган.
2020 йилда Кир Стармер Лейбористлар партияси етакчиси этиб сайланди ва бу лавозимда у ўта сўл Жереми Корбин ўрнини эгаллади ҳамда партия сиёсатини марказга нисбатан мувозанатлаштирди.
Ўзининг расмий шиорларида Кир Стармер Буюк Британиянинг иқтисодий фаровонлигига эътибор қаратади. Хусусан, меҳнаткашлар аҳволини яхшилашга ваъда беради.
«Меҳнатчилар ортда қоладиган эмас, олдинга интиладиган Буюк Британияни қуради. Иқтисодиёт ишончли ва машаққатли меҳнатни мукофотлайдиган жой. Муваффақиятга эришиш учун кетишингиз шарт эмас», дейди у.
Ҳокимиятга кўтарилиш
2024 йил 4 июлдаги сайловлардан сўнг Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партияси парламентдаги кўпчилик ўринларни қўлга киритди ва 14 йил ичида биринчи марта ҳокимият тепасига келди. Анъанага кўра, ғалаба қозонган партия раҳбари янги Вазирлар Маҳкамасини шакллантириши керак.
5 июль куни Стармер қирол Чарлз IIIдан ҳукумат тузиш мандатини олган ҳолда расман бош вазир лавозимини эгаллади.
Қарашлари
Ички сиёсат
«Ҳозир Британияда ҳеч нарса ишламаётганга ўхшайди», дейди Стармер ўзининг расмий веб-сайтида аъзоларни Лейбористлар партиясига қўшилишга чақириб.
ТАССнинг ушбу мамлакатдаги ваколатхонаси раҳбари Иля Дмитрячевнинг ёзишича, сўнгги йилларда мамлакатда бир қатор муаммолар тўпланиб қолган. У бунга Миллий соғлиқни сақлаш хизматининг ёмон ишлаши, 51 миллиард фунт стерлинг бюджет тақчиллиги, Англия банкининг юқори ставкалари (2024 йил июлида 5,25 фоиз, охирги марта 2007 йилда бу даражага етган) ва ноқонуний миграциянинг ўсишини кабилар мисол сифатида тилга олган.
Сайловлар олдидан лейбористлар мамлакатда уй-жой муаммосини ҳал қилиш, темир йўллар, почта бўлимлари ва сув таъминоти компанияларини миллийлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ваъда қилди. Шунингдек, улар соғлиқни сақлаш тизими, адлия тизимидаги ислоҳотлар ва муҳожирлар сонининг қисқаришини эълон қилди. Бундан ташқари, Кир Стармер 7,3 миллиард фунт стерлинглик миллий бойлик фондини яратмоқчи, хусусий мактабларга солиқ ва энергетика компанияларидан йиғимлар жорий қилмоқчи, бу эса яшил энергияга ўтишни рағбатлантириши керак.
Кир Стармер ўз ҳукуматининг биринчи қадамлари доирасида 6500 нафар ўқитувчини ёллашни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, июнь ойида Лейбористлар давлат энергетика компаниясини яратиш ва Шимолий денгиздаги нефть ва газ конларини ўзлаштириш учун лицензиялар беришни тўхтатиб туришни таклиф қилди.
Ташқи сиёсат
Сайловда лейбористлар Европа Иттифоқи билан муносабатларни тиклашни ваъда қилди ва Лондоннинг Европадаги асосий иттифоқчилари, жумладан Германия ва Франция билан ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратишга урғу берди. Бундан ташқари, партия Европа ва дунёда хавфсизлик кафолати сифатида НАТОга содиқлигини билдирди, шунингдек, Украинани ҳарбий, молиявий ва сиёсий қўллаб-қувватлашга ваъда берди ва Киевга НАТО йўлида ёрдам беришни хоҳлашини билдирди.
Лейбористлар АҚШни ажралмас иттифоқчилар, деб атади ва Вашингтон билан умумий қадриятлар ва манфаатлар асосида ҳамкорлик қилиш ниятида эканини айтди.
Яқин Шарқдаги вазиятга келсак, Лейбористлар партияси Ғазода ўт очишни тўхтатиш, халқаро қонунларга риоя қилиш ва гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилмоқда.
2024 йилнинг май ойида Кир Стармер ҳатто ҳокимият тепасига келса, Фаластин давлатини тан олишга тайёрлигини ҳам айтганди. Бундан ташқари, бундан олдин у партияда антисемитизмга қарши фаол курашган, шунинг учун кўплаб яҳудий тарафдорлари ундан юз ўгиришган. 2023 йилда Стармер Исроил армиясининг ҲАМАСга қарши ҳужумини ва Ғазо секторида электр ва сувни тўхтатишни қўллаб-қувватлаган эди. Тўғри, шундан сўнг анъанавий лейбористлар партиясини қўллаб-қувватловчи Буюк Британия мусулмон жамоаси партия етакчисини танқид қилди ва у ўз риторикасини ўзгартирди.
Шахсий ҳаёт
Стармер 2007 йилда 2000 йилларда танишган Виктория Александр билан турмуш қурган. Уларнинг оиласида бир ўғил ва қизи бор. Стармерлар оиласи Лондоннинг Камден туманида қиймати 1,75 миллион фунт стерлинглик уйда яшайди. Юридик амалиётни тарк этгач, Виктория фарзандлари ўқийдиган мактаб директори бўлиб ишлади, кейин эса соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат хавфсизлиги масалалари билан шуғулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг