Бухорода туризм йўналишидаги таълим муассасалари раҳбарлари форуми ўтказилди

18:53 09 Октябр 2023 Жамият
464 0

Фото: Халқ сўзи

Туризм соҳаси учун етук кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиляптими? Умуман сайёҳликни мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи бўғинига айлантириш борасидаги вазифалар нималардан иборат? Бухоро давлат университетида ўтказилган туризм йўналишидаги олий таълим муассасалари раҳбарлари форумида шу каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Уч кун давом этган форумда республикамиздаги 11 та олий ўқув юрти раҳбарлари ва сайёҳлик соҳаси мутахассислари туризм таълими самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўзаро фикрлашдилар.

Айтиш ўринлики, Бухоро давлат университетида туризм соҳаси кадрлари тайёрлаш борасида муайян тажриба тўпланган. Университетда туризм ва меҳмонхона менежменти кафедраси фаолият кўрсатмоқда. Кафедра профессор-ўқитувчилари жаҳоннинг Туркия, Италия, Испания, Жанубий Корея, Россия каби бир қатор давлатлари етакчи олий ўқув юртларида малака оширишган, илмий-тадқиқот ишлари олиб боришган. Кейинги йилларда бу каби алоқалар мустаҳкамланяпти. Натижада туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш имконияти кенгаймоқда. Талабалар рақамли туризм, сайёҳлик соҳасида бизнес, меҳмонхона бизнесида инновациялар сингари замонавий фанлардан сабоқ олишяпти. Вилоятдаги меҳмонхоналар билан ҳам амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

— Мамлакатимизда кейинги йилларда туризм катта суръатлар билан ривожланаётгани, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон каби қадимий шаҳарларимиз Марказий Осиёдаги туризм хабига айланиб бораётгани маълум, — дейди форум қатнашчиси, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг биринчи проректори Ж. Элтазаров. — Бухоро давлат университети ташаббуси билан ташкил этилган бу тадбирда сайёҳлик таълими олдида турган долзарб вазифалар, туризм индустрияси ривожи йўлида ечимини кутиб турган муаммолар, айниқса, ўрта бўғин сервис мутахассисларини тайёрлаш, чет эл тажрибасидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан фикр алмашдик, жўяли таклифлар ўртага ташланди. Буларнинг ҳаммаси истиқболда туризм соҳаси ишига сифатли кадрлар тайёрлаб беришга катта ҳисса бўлиб қўшилади, деган умиддаман.

Мазкур форум давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер