Бухорода Шекспир асари саҳналаштирилди

18:02 07 Февраль 2023 Жамият
600 0

Фото: Халқ сўзи

Жамиятда театр санъатига қизиқишни оширишда, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшларни театр томошаларига жалб қилишда жаҳон драматургиясининг давр синовидан ўтган намуналарига мурожаат этмоқнинг аҳамияти катта. Ана шуни назарда тутган Бухоро вилоят мусиқали драма театри жамоаси буюк драматург В. Шекспирнинг «Ричард III” асарини саҳналаштирди.

— Ушбу асарда эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалаба қозониши ҳаётий лавҳалар асосида очиб берилган, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, театрнинг адабий-бадиий бўлими мудири Моҳигул Назарова. — Шу боисдан у томошабинни бефарқ қолдирмайди. Умрнинг ўткинчилиги, инсон бу оний дунёда ўзидан фақат эзгу ном қолдириши, яхшилик этагидан тутиши зарурлиги тўғрисида ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди.

Асар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли режиссёр Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилди. Спектаклдаги бош роль — Ричардни театрнинг ёш, истеъдодли артисти Бахтиёр Нажмиддинов ижро этган. Томошабин, шунингдек, саҳнада театрнинг тажрибали актёрлари –Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раъно Ҳошимова, Саодат Ғуломова ҳамда мухлислар назарига тушган Раҳим Эргашев, Анвар Мавлоновни кўради. Улар ўзларига ишониб топширилган ролларни, таъбир жоиз бўлса, қиёмига етказиб ижро этишган.

Истам ИБРОҲИМОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?