Бухорода пиллани қайта ишлаш орқали 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот хорижга экспорт қилинади

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоролик пиллакорлар кўп йиллик анъанани давом эттириб, сўз ва иш бирлигини таъминлади. Улар 3 минг 186 тонна пилла топшириб, белгиланган режани республикада пешқадамлар қаторида бажаришди. Ҳар қандай муваффақият иқтисодий жиҳати билан аҳамиятли. Мавсумда аввало, 110 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди. Оилавий звено ва касаначилар жами 130 миллиард сўмдан зиёд даромад кўрди. Улар орасида Вобкент тумани Розмоз қишлоғида яшовчи Зебинисо Норова ҳам бор.
— Бу ютуққа ҳисса қўшганимиздан жуда хурсандмиз, — дейди у. — Олти қути ипак қурти парвариш қилдик. Мавсум нари борса бир ойдан ошиқ давом этади. Лекин меҳнати йилга татийди. Ўн нафардан зиёд киши ҳамжиҳатликда ишлаб, мўл пилла хом ашёси етиштирдик. Шукр, кам бўлганимиз йўқ. Режадан ортиқча етиштирилган ҳар килограмм пиллага 50 минг сўмдан берилгани ҳам айни муддао.
Вилоят пиллакорлари эришган муваффақият замирида кўп йиллик тажрибага таянилгани, бешта пиллачилик кластери ташкил этилгани, тутзорлар кенгайтирилгани, мавсумнинг рисоладагидек кечиши учун зарур воситалар, асбоб-ускуналар таъминоти йўлга қўйилгани ётибди. Пешқадам звеноларда ҳар қути ипак қуртидан 85 килограммгача пилла етиштирилгани ҳам эътиборга молик.
Хуллас, меҳнатдан кўнгил тўлди. Энди навбат «кумуш тола» дея эъзозланадиган хом ашёни қайта ишлашга. Бу борадаги режалар ҳам умидбахш. Вилоятда пиллани қайта ишлаш асносида қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотни хорижга экспорт қилиш мўлжалланмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг