Бухорода иш бошлаган лабораториянинг ноёблиги нимада?

14:46 28 Январь 2025 Жамият
378 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухородаги “Sanoat Engineering Invests” масъулияти чекланган жамияти негизида “Саноатдаги чиқинди газлар, оқова сувлари, тупроқ структурасининг ўзгариши, атмосферага тарқалаётган механик аралашмаларни аниқлаш лабораториясини ташкил этиш“ тижоратлаштириш лойиҳаси ишга туширилди. Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан молиялаштирилган бу лойиҳа 1 миллиард 437 миллион сўм миқдоридаги грант маблағи ҳамда ташаббускорларнинг 500 миллион сўм миқдоридаги сармояси эвазига ҳаётга татбиқ этилди.

— Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда сайёрамизда турли хил ёнилғиларни ёқиш сабабли йилига 10,1 миллиард тонна кислород сарф бўлаяпти, — дейди лойиҳа раҳбари Нурхон Тошов. — Қишлоқ хўжалигига яроқли ерларнинг 70 фоизи, чучук сувларнинг 20 фоизи ўзлаштирилмоқда. Ўрмонлар йил сайин камайиб боряпти. Чўллашиш жараёни кучаймоқда. Ана шулар оқибатида ҳаво ҳарорати йил сайин кўтарилиб, иқлим ўзгариши кузатилмоқда. Аҳоли сонининг ўсиши, саноатнинг ривожланиши, электр энергиясининг 80 фоизи анъанавий углеводород хомашёси воситасида ишлаб чиқарилаётгани ҳам атроф-муҳитга ўз таъсирини ўтказмай қўймаяпти.

Яна бир гап. Маълумотларга кўра, ҳозир мамлакатимизда ҳар етти кишига биттадан автомобиль тўғри келмоқда. Бу юртимиз кўчаларида 4 миллионтадан зиёд автомашина ҳаракатланяпти, деганидир. Шундан 70 фоизи сиқилган ёки суюлтирилган газда юради. Ваҳоланки, уларнинг двигателларидан чиқадиган газлар таркибида 300 дан ортиқ заҳарли бирикмалар бор. Кўмир, нефть, торф каби ер қаъридан олинадиган моддаларнинг ёқилғи сифатида ишлатилиши ҳам табиий мувозанатнинг бузилишига олиб келяпти. Бинобарин, бу лойиҳанинг амалга ошиши атроф-муҳитга, флора ва фаунага, одамлар саломатлигига, муҳандислик- техника иншоотларига етказилаётган зарарни юмшатишга хизмат қилади. Бошқача айтганда, чиқинди газлар, оқова сувлар, ер ости сувлари, атмосфера ҳавосини чуқур таҳлил қилиш юзага келган муаммоларга ечим топиш имкониятини яратмоқда. Зеро, мазкур лаборатория дунёнинг етакчи давлатларидан харид қилинган замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. У юқори сифат ва аниқликда, комплекс тарзда ишлай олиши билан камёб саналади. Бу ерда йилига 5 мингтагача таҳлил ўтказиш имконияти бор.

— Лойиҳанинг афзалликлари ҳақида узоқ тўхталиш мумкин, — дея давом этади суҳбатдошимиз. — Биз бу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш билан чекланмоқчимиз. Биласиз, юртимизда ичимлик сувига ва унинг сифатига талаб катта. Об-ҳаётни тадқиқ қилиш орқали унинг таркибидаги кальций, магний, сульфат ва хлорид анионлари миқдори аниқланади. Биз берган тавсиялар асосида ичимлик сувининг қаттиқлик даражасини 35 – 40 фоизга камайтиришга эришиш мумкин.

“Sanoat Engineering Invests” масъулияти чекланган жамияти айни дамда республикамиздаги 20 дан зиёд нефть ва газ, кимё саноати, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Эътиборлиси, бу ерда олий таълим муассасалари талабаларининг амалиёт ўташлари, тажриба ишларини олиб боришлари учун ҳам шароит мавжуд. Замонавий лаборатория марказида кўзда тутилганидек, 6 та эмас, 12 та иш ўрни яратилгани эса унинг истиқболли лойиҳа эканидан дарак беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?