Бухорода анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

15:14 06 Июнь 2023 Жамият
1457 0

Бухоро шаҳрида шу йилнинг 16, 17, 18 июнь кунлари “Ипак ва зираворлар” анъанавий фестивали ўтказилади. Одатдагидек, Арк қалъасидан сўлим Лабиҳовузгача бўлган ҳудуд ипак матоларга бурканади, чор — атрофдан зираворларнинг хушбўй ҳиди анқийди. Эртакнамо шаҳар узоқ -яқиндан келган сайёҳу ҳунармандлар билан янада гавжумлашади.

Таъкидлаганимиздек, фестивалга юртимизнинг турли гўшаларидан, хорижий мамлакатлардан кўплаб ҳунармандларнинг келиши кутилмоқда. Албатта, улар учун “Ипак ва зираворлар” фестивали ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтаяпти. Чунки ана шундай анжуманларда касб маҳорати кўзга яққол ташланади, бозордаги талаб ўрганилади, зарур сабоқлар чиқарилади.

—Ушбу фестивални ҳар гал интиқлик билан кутамиз,— дейди ғиждувонлик таниқли ҳунарманд Абдулла Нарзуллаев. — Сулоламиз давомчилари нафақат кулолчилик, балки каштачилик билан ҳам шуғулланишмоқда. Аждодлардан мерос анъаналарни қайта тиклаш, юртимизнинг бетакрор табиати, инсоннинг қалб ҳароратини ипак матоларга тушириш кишидан жуда катта сабр-тоқат, қунт, изланиш талаб қилади. Қўл меҳнати маҳсули бўлган ипак матоларнинг қадру қиммати ҳам бўлакча. Шу нуқтаи назардан бу тадбир биз учун ҳар томонлама фойдали. Аввало, харидор кўп. Қолаверса, фестиваль талаб ва эҳтиёжни аниқлаб олишимизда, тажриба алмашишда қўл келади.

Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги бир қатор манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказадиган фестиваль дастуридан бир қатор кўнгилочар тадбирлар ўрин олади. Ҳунармандчиликнинг ўндан зиёд тури бўйича ташкил этиладиган маҳорат сабоқлари, фольклор дасталарининг чиқишлари, ош сайли, миллий ўйинлар, ипак матолардан тайёрланган либослар намойиши шулар жумласидан.

Тадбирда қатор давлатлардан маданият ва санъат соҳаси ходимлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?