Бухорода 3 – 7 ёшгача бўлган болаларнинг 49,2 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган

09:26 23 Ноябрь 2020 Жамият
272 0

«Бухоро вилоятида мактабгача таълим тизимида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифалар» мавзуида ўтказилган матбуот анжуманида ана шу ҳақда маълум қилинди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латиповнинг таъкидлашича, бугунги кунда вилоятда жами 1 290 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб боряпти. Шунинг 439 таси давлат, 851 таси нодавлат (26 таси хусусий, 756 таси оилавий ва 69 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида) мактабгача таълим ташкилотларидир.

Вилоятда 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 148 514 нафар. Уларнинг 73 минг 41 нафари ёки 49,2 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ушбу кўрсаткич қамровнинг 2017 йилга нисбатан қарийб 19,4 фоизга ошганлигини кўрсатади.

Жорий йил якунига қадар вилоятда мактабгача таълим ёшидаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичини 61 фоизга етказиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш тўғрисида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда ҳудуддаги 6 ёшли жами 8 минг 40 нафар бола 268 та мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган.

Соҳада давлат-хусусий шерикчилик тизимини янада такомиллаштириш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини тузиш истагини билдирган жами 162 нафар ташаббускор томонидан аризалар топширилган бўлса, бугунги кунда уларнинг 103 нафари билан лойиҳа битими имзоланган.

Шунингдек, 80 та битим лойиҳа ташаббускорларига жами 147,7 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган. Натижада давлат-хусусий шериклик асосида 69 та мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини бошлаган, улар 3097 нафар ўғил-қизни қамраб олган.

Бундан ташқари, вилоят бўйича жами битим имзолаш истагини билдирган тадбиркорлар 55 нафар бўлиб, жами лойиҳалар қуввати 6700 ўринга мўлжалланган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 130,7 млрд. сўм талаб этилади.

Анжуманда шу каби ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилар экан, кадрлар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Зеро, мактабгача таълим тизими обрў-эътибори кўп жиҳатдан уларнинг билим ва салоҳиятига боғлиқ. Таъкидланишича, 2020 йилнинг бугунги кунига қадар ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашган, фаолияти давомида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 40 нафар ташкилот директорига «ҳайфсан», 2 нафар директорга нисбатан 30 фоизлик ҳамда 5 нафар ташкилот директорига нисбатан иш ҳақининг 50 фоиз миқдорида жарима интизомий жазо чораси сифатида кўрилган.

Шунингдек, 2020 йилнинг бугунги кунига қадар 8 нафар бўлим мудири, 52 нафар туман(шаҳар) мактабгача таълим бўлими ходимлари, 315 нафар мактабгача таълим ташкилоти мудираси, 650 нафар тарбиячи, 19 нафар логопед, 57 нафар психолог, 23 нафар методист, 124 нафар мусиқа раҳбари, 162 нафар жисмоний тарбия йўриқчиси, 5 нафар дефектологнинг малакаси оширилди.

Тадбирда журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?