Бухоро биенналеси: ўтмиш ва бугун уйғунлашган лаҳзалар

15:40 08 Сентябр 2025 Жамият
110 0

Польшанинг Краков шаҳрида истиқомат қилувчи Клара Лавдонскаянинг юртимиз бўйлаб саёҳати Бухорои шарифда халқаро санъат биенналеси ташкил этилган кунларга тўғри келди.

— Ўзбекистонга илк бор келишим, — дейди у. — Аммо унутилмас таассуротлар оғушидаман. Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ҳақида кўп эшитгандим. Энди бу тарихий кентларни ўз кўзим билан кўриш бахтига муяссар бўлиб турибман. Касбим таржимонлик. Шунинг учун бўлса керак, маданий туризмга қизиқишим бўлакча. Бухоро биенналесини томоша қилиш менга бир дунё қувонч бағишлади. Қадимий ёдгорликлар бағрида бугунги кун руҳини бахш этиб турган сермазмун экспонатларни кўришнинг ўзгача гашти бор. Биеннале ишига омад тилайман. Саломат бўлинг.

Эътиборлиси, Клара хоним сўнгги сўзини соф ўзбек тилида айтди. Биз буни хорижий сайёҳнинг она тилимизга, юртимизга бўлган ҳурмати ифодаси сифатида қабул қилдик.

Бевосита биенналега қайтадиган бўлсак, у ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб осори атиқалар жойлашган ҳудудда давом этмоқда. Эътиборлиси, бу ердаги айрим ёдгорликлар узоқ йиллардан сўнг илк бор сайёҳлар учун ўз эшигини очди. Ана шундай меъморий ёдгорликлардан бири — Хўжа Калон масжиди. Мазкур масжид 1573 – 1579 йилларда барпо этилган. У Хўжа Гавкушон мажмуасининг таркибий қисми саналади. Бу ерда Гавкушон мадрасаси ва шу номдаги минора ҳам қад ростлаган. Дафъатан машҳур Пойи Калон ансамблини эслатувчи бу гўшадаги Хўжа Калон масжиди вақт, ташқи таъсирлар ва эътиборсизлик оқибатида абгор ҳолга тушаёзганди. У ҳамда ҳозир биеннеле ўтаётган ўндан зиёд маданий мерос объектида реставрация ишлари амалга оширилди.

Халқаро кўргазманинг ҳар бир экспонати ўзига хослиги, рамзий маънолар касб этиши билан диққатни тортмоқда. Бугина эмас, дунёнинг турли давлатларидан келган мусаввирлар, ҳунармандлар, дизайнерлар, санъаткорлар, соҳа мутахассислари учун Бухоро биенналеси мулоқот майдончаси вазифасини ҳам ўтяпти. Аёллар ҳунармандчилигига бағишлаб ташкил этилган учрашувни бунга мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.

— Юртимиз хотин-қизларининг қўли гул, — дейди бир неча тилни чуқур эгаллаган, айни дамда фотосанъати соҳасида ижод қилаётган Зилола Саидова. — Мулоқотда қадимий анъаналарни бугунги кун руҳи билан бойитиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада тўпланган тажриба баҳам кўрилди.

— Бухорога маълум бир мақсад билан келганмиз, — дейди яна бир суҳбатдошимиз қозоғистонлик Сауле Сулейманова. — Менга “Ширу шакар” ансамблининг чиқишлари манзур бўлди. Шу фольклор дастаси билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Халқ оғзаки ижоди намуналарини маромига келтириб куйлайдиган бу ансамблни биеннале сабаб бутун дунёга танитиш ниятидамиз.

Бухоро биенналесининг ҳар бир куни ана шундай мароқли учрашувлар, ижодий мулоқотлар, кўнгилочар кечалар билан ўтмоқда. Ўтмиш ва бугунни ўзида уйғунлаштирган кўҳна шаҳар маданиятлар, анъана ва урф-одатлар кесишган чорраҳага айланяпти.

Сайёҳлар кўнгил ва кўз уза олмаётган Бухорога марҳамат!

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?