Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи биринчи сайлов участкаси Тошкент вақти билан 04:00 да Япониянинг Токио, Жанубий Кореянинг Сеул шаҳарларида очилди
Фото: МСК Матбуот маркази
Бугун, 24 октябрь — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида МСК мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Айтиш жоизки, Матбуот марказида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари жам бўлиб, муҳим сиёсий тадбир ҳақида кенг жамоатчиликка ахборот етказилмоқда. Матбуот марказида ОАВ вакилларининг фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Анжуманда муддатидан олдин овоз бериш натижалари ҳақида, сайлов участкаларида овоз бериш бошланганлиги, миллий, хорижий, халқаро кузатувчилар турли ҳудудларга жараёнларни кузатаётганлиги ва сайловда ОАВ вакиллари иштироки ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи биринчи сайлов участкаси 24 октябрь куни Тошкент вақти билан 04:00 да Япониянинг Токио, Жанубий Кореянинг Сеул шаҳарларида очилди. Ўзбекистон Президенти сайлови эса АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида Тошкент вақти билан 25 октябрь куни соат 06:00 да якунланади.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш шароити яратилди.
2021 йил 14 — 20 октябрь кунлари мамлакатимизда ва хорижда ташкил этилган сайлов участкаларида 421 618 нафар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари муддатидан олдин овоз беришда иштирок этди. Жумладан, уларнинг 301 094 нафари Ўзбекистон ҳудудида овоз берган бўлса, 120 524 нафар сайловчи хориждан овоз берди. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 20 октябрь соат 19.00 да тўхтатилди.
Сайловни жами 971 нафар халқаро кузатувчи, жумладан йигирмага яқин нуфузли халқаро ташкилотлардан, хусусан, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, МДҲ ҳамда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқалар халқаро тузилмалардан жами 631 нафар, дунёнинг 50 га яқин давлатидан 340 нафар халқаро кузатувчилар бевосита кузатиб боради.
Шунингдек, сайлов жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида жами 197 та маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 1439 нафар вакиллари ва 140 дан ортиқ нуфузли хорижий оммавий ахборот воситаларининг 233 нафар журналистлари, умумий ҳисобда 1672 нафар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилди.
Раҳим ШEРҚУЛОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг