Бу даргоҳда улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари камол топади
Фото: Халқ сўзи
Бугун Бухорода Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар, мактаб жамоаси ва ўқувчилар иштирок этди.
- Ёшларимиз орасида истеъдодлилари, билимдонлари жуда кўп, - дея таъкидлади маросимда сўз олган вилоят ҳокими Б. Зарипов. - Президент мактаби эса уларнинг энг иқтидорли ва билимлиларини тарбиялашга хизмат қилади. Нима учун бу фикрларни айтяпман? Чунки сиз – Президент мактабининг 144 нафар ўқувчиси вилоятимиз мактабларидаги 340 минг нафар ўғил-қиз орасидан саралангансиз. Яъни ҳар 2,5 минг ўқувчининг
1 нафарига бу мактабда ўқиш бахти насиб этди. Бунга, албатта, кучли билимингиз, тафаккур ва дунёқарашингиз кенглиги туфайли эришиб турибсиз. Бу жуда катта шараф. Шу билан бирга улкан масъулиятдир.
Айтиш керакки, маънавият ва маърифат бешиги саналган кўҳна Бухорода Президент мактаби қурилиши учун 60 миллиард 888 миллион сўм маблағ сарфланди. Бино Бухоро шаҳарсозлигида илк бор қўлланилган замонавий технологиялар, қурилиш материаллари асосида қад ростлади. Масалан, бино фасад қисмига Туркияда ишлаб чиқарилган серамид қопламалари билан зеб берилди. Мутахассисларнинг билдиришича, бу қоплама 50 даража совуқда ҳам, худди шу даражадаги иссиқда ҳам ўз хусусиятини йўқотмайди. Иншоот ички қисми девори эса ўтда ёнмайдиган, ташқи таъсирга чидамли экологик тоза қурилиш хом ашёси - HPL материали билан қопланди.
- Билим даргоҳимиз 168 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, икки қаватли ўқув блоки, ётоқхона, ошхона, махсус спорт майдони, спорт зали ҳамда меҳмонхонадан иборат,- дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Қамбара Болтаева. - Айни дамда 144 нафар ўқувчи физика, кимё, биология, математика, информатика фанлари йўналишида таҳсил оляпти. Тегишли халқаро сертификатни қўлга киритган битирувчиларимиз дунёнинг исталган олий ўқув юртида грант асосида ўқиш имконига эга бўладилар.
- Президент мактабида ўқиш бахти насиб этганидан беҳад хурсандмиз, - дейди Ғиждувон туманидаги Заргарон қишлоғидан келган эгизаклар Шоҳжаҳон ва Нуржаҳон Шодиев. – Иккаламиз ҳам келгусида дастурлаш соҳасининг етук мутахассиси бўлиш орзусидамиз.
Дарвоқе, иқтидорли болаларга бир неча босқичли синовлар асосида танлаб олинган 32 нафар педагог сабоқ беради. Буюк Британия, Янги Зеландия, Кения ва Филиппин каби давлатлардан 7 нафар юқори илмий ва педагогик салоҳиятга эга ўқитувчи жалб этилди.
- Мен илгари Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларда ишлаганман,- дейди англиялик мутахассис Голхер Эюб.- Бухорога келиб, илк машғулотлар чоғидаёқ шуни ҳис этдимки, ўзбекистонлик ўқувчилар билимга чанқоқ, иштиёқи кучли. 11 ёшли бир бола дастлабки машғулотлардан кейиноқ ўзи мустақил тарзда веб-сайт яратишга киришганини кўриб бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Очиғи, юртингизда кўплаб иқтидорли ёшлар борлигини билардим. Чунки бу заминдан Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек сингари буюк мутафаккирлар, давлат арбоблари етишиб чиққан. Асосий мақсадимиз уларга муносиб издошлар тайёрлашдир. Мантиқий фикрлайдиган, креатив ёндашадиган, ўзига ишончи кучли ёшлар авлодини шакллантириш бугун ҳаётий зарурат. Биз шу орқали халқаро талабларга жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш ишига ҳисса қўшмоқчимиз.Негаки, рақобат кучли замонда яшаяпмиз.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг