Бўстонлиқда сувчилар боғи барпо этилмоқда

18:26 14 Ноябрь 2023 Жамият
184 0

Фото: “Халқ сўзи”

Кўчат экиб, боғ яратиш азалдан савобли иш ҳисобланган. Меваларидан одамлар барака топган, манзарали дарахтлардан дили баҳра олган, ёғочидан қурилишда фойдаланган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” лойиҳаси юртимизни том маънода яшилликка бурковчи умуммиллий ҳаракатга айланди. Тадбирларда республикамиз сув хўжалиги ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Ғижол қишлоғидаги тоғолди ҳудудидан Сув хўжалиги вазирлиги учун 42 гектар ер майдони ажратилди. Сувчилар бу ерда 21,5 мингта бодом кўчатини экиб, “Сувчилар боғи” бунёд этишни бошлаб юбордилар.

Шу муносабат билан бугун ташкил этилган ҳашарда вазирлик марказий аппарати, тизимдаги республика ташкилотлари, Тошкент ва Жиззах вилоятларидан ишчи-ходимлар қатнашди. Уларнинг асосий қисмини серғайрат ёшлар ташкил этади.

Ҳашарчилар бир куннинг ўзида 5 минг туп бодом кўчатларини қадашди. Ҳафта охиригача режадаги кўчатлар экиб бўлинади.

Албатта, тоғолди ҳудудида, лалми жойда дарахт ўстиришнинг ўзи бўлмайди. Сувчиларнинг бунинг ҳисобини олишган. Пастдан оқиб ўтувчи сойдан насос орқали сув чиқарилиб, ҳовуз қурилади ва кўчатларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилади.

— Ҳамма дарахтни сувга яқин жойга экишни истайди. Сувсиз кўчат унмайди. Сув хўжалиги тизимида эса дарахт кўкартириш учун имкониятлар бисёр, — дейди вазирлик бошқарма бошлиғи Хуршид Лапасов. — Барча ҳудудларда сув хўжалиги ташкилотлари тасарруфида канал, ариқ, зовурлар бўлиб, уларнинг ёқалари, ҳимоя минтақаларида кўчат экишга шароит бор. Шу боис, аслида республика бўйича ушбу мавсумда 1,5 млн. туп кўчат экиш топшириғини олишган бўлсада, сувчилар 15 млн. туп мевали ва манзаралари дарахт кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш ташаббуси билан чиқишди. Бугунга қадар республика бўйича сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари томонидан экилган кўчатлар сони 4,1 млн тупдан ошиб кетди.

Яна бир жиҳатни эътиборга олиш керак. Сувчилар азалдан сув бўйларига кўчат экиб келишган. Бунинг учун улар кўчатни сотиб олмасдан, ўзлари кўпайтиришган. Деярли барча сув хўжалиги ташкилотларида кўчатхоналар бор. Айрим ташкилотлар ёрдамчи хўжалигида дарахт кўчатларини кўпайтириб, даромад қилишнинг ҳадисини олишган. Шу сабабли, “Яшил макон” дастури доирасида сувчилар ички имкониятни ишга солишмоқда.

Қилинган меҳнатлар ҳеч қачон бесамар кетмайди. Бугун бошланган ишлар, албатта, натижасини беради. Бир-икки йил ўтиб, сув бўйларида яшил майдонлар пайдо бўлиб, дарахтлар гуллаб-яшнайди.

Биз ҳам яхши ниятларни дилга тугиб қўйдик. Ҳар йили баҳорда, кузда ёш сувчилар билан Ғижол қишлоғидаги “Сувчилар боғи”га борамиз. Тоза ҳаводан нафас олиб, боғдаги юмушларни бажариб, ош дамлаб, яйраб, дам олиб келамиз.

Шуҳрат Суюнов,

Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?