Бўстонлиқда ҳарбийлар хавфли жанжални бартараф этди

13:07 02 Октябр 2021 Жамият
1105 0

Мудофаа вазирлигининг Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғонидаги ҳарбий қисмнинг хизматчилари хизмат вазифаларини бажариш учун кетаётиб, Тошкент—Сижжак автомобиль йўлида жанжаллашаётган икки нафар фуқарони кўришган. Бу ҳақда Human.uz сайти хабар берди.

Ҳарбий хизматчилар зудлик билан машинани тўхтатиб, уларга яқинлашганида фуқаролардан бири жароҳатланган ҳолатда бўлган. Иккинчисининг қўлида ўткир тиғли пичоқ борлигини кўришган. Улар ҳар иккала фуқарони бир-биридан узоқлаштириб, қўлга олишган ҳамда жароҳатланган фуқарони Чорбоғ тез тиббий ёрдам бўлимига, иккинчисини эса Ички ишлар бўлимига олиб борган.

Дастлабки сўров натижасида олинган маълумотларга кўра, айбланувчи эркак Тошкент шаҳрида туғилган А.П.га тегишли автомобилда йўловчи сифатида Чорбоғ қўрғонида жойлашган “Бочка” ошхонасига олиб бориб қўйиши учун 200 минг сўм пул эвазига келишган. Манзилга яқин келганда фуқаро С.М. Тошкент—Сижжак йўлининг хилват жойида машинани тўхтатишни буюрган. Сўнгра шу ерга яна бир ҳамроҳи келишилган пулни олиб келиб беришини айтган. Бир оз вақт ўтгач, ўзаро суҳбатлашиш жараёнида машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган айбланувчи фуқаро А.П.га тўсатдан пичоқ билан ҳужум қилиб, ҳайдовчи гавдасининг орқа қисми ва бел соҳасига тан жароҳати етказган. А.П. ўзини ҳимоя қилиш мақсадида машинадан тушиб қочаётган вақтида ҳарбий хизматчилар келиб қолгани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан ички ишлар бўлими ходимлари томонидан дастлабки суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?