Бошқарув сервис компаниялари: тажриба, ишонч ва натижа

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Кўп квартирали уйларни бошқариш, техник хизмат кўрсатиш, коммунал тизимларнинг соз ишлашини таъминлаш азалдан муаммоли масалалардан бири бўлиб келган. Бу вазифалар зиммасига юклатилган уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида фикр сўрасангиз, аксарият кўп қаватли уйларда яшовчилардан турли эътирозларни эшитишга тўғри келади.
— Илгари биз яшайдиган уйга ҳам уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатар эди, — дейди Урганч шаҳридаги «Нурли ҳаёт» маҳалласида яшовчи Барно Нуруллаева. – Гапнинг очиғи, маҳалла аҳли унинг фаолиятидан қониқмади. Лифтдаги ёки коммунал тизимдаги оддийгина носозликни ҳам вақтида бартараф эта олмай, «ана борамиз, мана борамиз, маблағ топилса, тўғрилаймиз», деган баҳоналар билан ишни пайсалга солавергач, фуқароларнинг ширкатга ишончи камайди. Натижада аҳоли ойлик бадалларни ҳам тўламай қўйди. Маҳаллада «Хоразм шинам уйлари» бошқарув сервис компанияси ташкил этилгач бу каби муаммоларни тезкор ҳал этиш учун имконият ҳам, шароит ҳам яратилди.
Бошқарув сервис компанияси кўп қаватли уйларда ташкил этилаётган янги хизмат кўрсатиш шаклларидан бири. У моҳиятан мулкдорлар ширкатининг бир кўриниши бўлса-да, олдига қўйилган мақсад ва вазифалари, иш услуби жиҳатидан эски тизимдан фарқ қилади. Корхона ўзига бириктирилган кўп қаватли уйлардаги умумий мулкни таъмирлаш, соз ҳолатда ишлашини назорат қилиш, уй атрофини ободонлаштириш каби ишларга масъул. Урганч шаҳрида кўп квартирали уйларни бошқариш белгиланган тартибда бошқарув компаниялари томонидан амалга оширилаётгани аҳолига маъқул келмоқда.
«Хоразм шинам уйлари» бошқарув сервис компанияси ҳозирда 12 та маҳалладаги 12,5 мингдан ортиқ хонадонга эга бўлган 293 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Компания тасарруфида 2 та «Дамас», 1 та «Лабо» автомобили, 12 та электромотоцикл, 2 та маиший чиқиндиларни ташишга мўлжалланган электромотоцикл, 2 та мотоскутер, 526 тадан зиёд асбоб-ускуналар мавжуд.
—Юк ташишга мўлжалланган электромотоциклларнинг ҳар бирига 0,75 кВт, «Лабо» автомобилига 1,7 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, бу техника воситаларининг узлуксиз ишлашини таьминлайди ҳамда ёқилғи ва энергия ресурсларини тежашга имкон беради, — дейди «Хоразм шинам уйлари» бошқарув сервис компанияси раҳбари Гулнора Атажанова. — 2 та электроскутер коммунал тизимдаги аварияларни тезкор бартараф этишда, маиший чиқиндиларни ташишга мўлжалланган 2 та электромотоцикл эса ҳудуддаги чиқиндиларни ўз вақтида йиғиб олишда жуда қўл келмоқда.
Одатда, уй-жой мулкдорлари ширкати деганда кўз олдимизга ширкат раислари ўтирадиган кичик, зах хона ёки ертўла келади. «Хоразм шинам уйлари» бошқарув сервис компанияси жойлашган бинони кўриб тасаввурингиз буткул ўзгаради. Замонавий дизайнда барпо этилган, ходимлар учун алоҳида иш ва навбатчилар учун дам олиш хоналари, асбоб-анжомлар учун махсус омборхона, техника воситалари сақланадиган жойлар, 24/7 режимида ишлайдиган диспетчерлик хизмати, аҳолидан тўловларни қабул қилиш учун касса хизмати, қўйинг-ки, намунали хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган.
Бошқарув сервис компанияси биносига қуёш панеллари ўрнатилган, 1 суткада 136 кВт, 1 ойда 4080 кВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Бошқарув ташкилоти ўз эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини сотиш орқали 1 ойда 2 613 600 сўм соф фойда олади.
— Бошқарув сервис компанияси вакиллари дастлаб маҳаллада юриб, аҳоли билан мулоқотда бўлиб, янги ташкилотнинг вазифалари, фаолияти ҳақида тўлиқ маълумот беришди, — дейди «Нурли ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзод Яқубов. — Очиғи, бошида янги бошқарув тизимига ишончсизлик билан қараганлар ҳам бўлди. Бироқ, қисқа вақт ичида бошқарув сервис компанияси нафақат бизнинг маҳалламиз, қўшни маҳаллалар аҳолисининг ҳам ишончини қозонди ва унинг хизматига талабгорлар сони орта бошлади.
Демак, бу тизим ўзини оқламоқда. Бошқарув компаниялари сифатли хизматлари билан одамлар ишончига кириб боряпти. Асосийси, кўп қаватли уйлар обод бўлиб, аҳоли мурожаатлари тезкор ечим топмоқда. Эндиликда бошқарув компаниялари фаолиятини тизимли ривожлантириш, ҳудудларда барпо этилаётган янги кўп квартирали уй-жой массивларида жорий этиш ўз самарасини беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг