«Бўйинбоғсиз кун» лойиҳаси доирасида журналистлар Вобкентда

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкентдаги туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш борасида яхшигина тажриба тўпланди. Марказ биносининг 2,1 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эвазига таъмирлангани, 34 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани, шифокорлар малакаси оширилгани ана шунга имконият яратди.
Яқинда бу шифо масканида 66 ёшли беморда уйқу артерияси тромби билан боғлиқ ноёб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Марказ бош врачи Нодир Рамазоновнинг таъкидлашича, шу каби хасталиклардан халос бўлмоқ учун илгари мамлакат пойтахти ёки Бухоро шаҳрига боришга тўғри келар, табиийки, бемор анча-мунча харажатга қоларди.
Вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан Вобкент тумани ҳокими Акмал Остонов иштирокида ўтказилган «Бўйинбоғсиз кун» лойиҳаси доирасидаги пресс-турда журналистлар туманлараро гемодиаз бўлими фаолияти билан ҳам танишди.
— Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида айрим маҳаллаларимизда томорқани суғориш билан боғлиқ муаммолар борлиги маълум бўлди, — дейди туман ҳокими. — Шундан сўнг мутахассисларни жалб этган ҳолда «Шифокор» маҳалласи ҳудудида учта сув насоси ўрнатиш фикрига келдик.
Ҳар бирининг нархи 12 миллион сўм турадиган, 13 метр чуқурликдан сув олиш имкони бўлган бу насослар билан кунига 20-30 та хонадоннинг томорқасини суғориш мумкин. Биргина «Шифокор» маҳалласида истиқомат қилувчилар ихтиёрида жами уч гектар томорқа ери мавжудлиги ҳисобга олинса, бу хайрли иш ортидан 400 дан зиёд хонадоннинг ташвиши енгиллашгани аён бўлади. Улар орасида «Ўба Кулолон» кўчасидаги хонадонлардан бирида яшовчи Зуҳра Акрамова ҳам бор.
— Маҳалламиз масъуллари кўмагида бир сотих ерда иссиқхона барпо этганмиз, — дейди у. — Бодринг, помидор, картошка етиштиряпмиз. Кўчамизда сув насоси ўрнатилгани биз учун айни муддао бўлди. Чунки илгари экинни суғоришда қийналардик.
Пресс-тур иштирокчилари тумандаги яна бир қатор манзилларда бўлиб, амалга оширилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг