Бир исроиллик зарар кўргани учун Исроил Яманга дронлар ҳужумини уюштирди (фото)

10:36 23 Июль 2024 Дунё
136 0

Исроилнинг учувчисиз дронлари Яман ҳудудига зарбалар берди. Сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, ушбу ҳаво ҳужумларидан сўнг Яманнинг Ходейда портидаги нефть омборларига жиддий зарар етган. Бу ҳақда «Newsweek» нашри хабар берди.

Қайд этилишича, бу Исроил томонидан ҳусий жангари гуруҳига биринчи тўғридан-тўғри зарба ҳисобланади. Яҳудий давлати биринчи ҳужумидаёқ нефтни қайта ишлаш заводлари ва электр инфратузилмасини нишонга олган. «Maxar Technologies» томонидан тақдим этилган тасвирлар вайронагарчилик даражасининг катта эканлигини кўрсатмоқда.

Ҳаво ҳужуми ҳусийлар Тел-Авивдаги учувчисиз самолёт ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммаларига олганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Унда бир исроиллик ҳалок бўлган ва ўнга яқин киши жароҳатланганди. Исроил мудофаа вазири Йоав Галант «Ҳусийлар бизга 200 мартадан ортиқ ҳужум қилди. Биринчи марта Исроил фуқаросига зарар етказгани учун биз уларга зарба бердик», деди.

Ёқилғи ва халқаро ёрдам учун муҳим порт бўлган Ходейдага ҳужум Исроилни нишонга олган Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар иштирокидаги Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада чигаллаштириб юбориши кутилмоқда.

Исроил мудофаа кучлари портнинг «ҳусий режими» учун Эрон қуролларига кириш йўли бўлиб хизмат қилишини ҳисобга олгани айтилган. Дастлабки маълумотларга кўра, зарбалар натижасида камида 80 киши яраланган, кўпчилиги оғир куйиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Ҳужумлар Ходейда порти фаолиятини маълум вақтга тўхтатиб қўйди. Аммо Яман расмийлари порт ҳали ҳам тўлиқ қувватда ишлаётганини даъво қилмоқда. Қайд этиш керакки, ҳусийларнинг Тел-Авивга учирган битта дрони муваффақиятли тарзда Исроилнинг «Темир гумбаз» мудофаа тизимини ёриб ўта олганди.

Аввалроқ, Хитой ва Филиппин келишувга эришган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?