Бешариқда қовун сайли — гастрономик туризмга қўшилган янги ривож

14:21 19 Октябр 2025 Жамият
322 0

Бугун Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Андархон қишлоғида иккинчи бор қовун сайли ўтказилди. Бу анъанавий тадбир нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий меҳмонлар учун ҳам катта байрамга айланди. Сайлда Германия, Ҳиндистон, Арманистон, Тожикистон ва бир қатор бошқа давлатлардан келган меҳмонлар иштирок этди.

Тантанали очилиш маросимини Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов очиб берди. У ўз нутқида Ўзбекистонда янги йўналиш сифатида ривожланаётган гастрономик туризмнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, Бешариқ қовунининг ўзига хос таъми ва ҳиди бу йўналишни оммалаштиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Сайл доирасида қизиқарли беллашувлар ҳам ўтказилди. Улар орасида энг кўп эътиборни тортгани — «Қовун боғлаш» мусобақаси бўлди. Бу беллашувда ўнлаб деҳқон оилаларининг вакиллари ўз маҳоратларини намойиш этди.

Биринчи ўринни қовунни энг тез ва энг чиройли боғлаган Матлуба Қобилова қўлга киритди. Иккинчи ўринга Наргизахон Аъзамова, учинчи ўринга эса Муқаддас Шарипова лойиқ кўрилди. Ғолиблар вилоят ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Сайил давомида санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар байрам кайфиятини янада кўтарди. Меҳмонлар мусиқа садолари остида рақсга тушиб, Бешариқнинг меҳмондўстлиги ва бой миллий анъаналаридан баҳраманд бўлишди.

Қовун сайли нафақат маҳаллий маҳсулотларни тарғиб этиш, балки миллий таомлар, меҳмондўстлик ва маданий мерос орқали гастрономик туризмни ривожлантириш йўлида ҳам муҳим қадам бўлади.

Зулфия Ҳамидова

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?