Беш кунда беш йилнинг ҳайрати

Фото: «Халқ сўзи»
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва «Навоий кон металлургия комбинати» АЖ ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида «Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик» номи остида ўтказилган медиафорум мамлакатимиз ОАВ вакиллари учун чин маънода маҳорат мактаби бўлди.
Беш кун давом этган медиафорумда спикерлар бугун миллий журналистикамиз олдида турган долзарб вазифалар, уларнинг ечими йўлидаги янгича ёндашувлар, соҳада тўпланган тажриба ва давр талаблари хусусида иштирокчиларни баҳс-мунозарага чорлади. Чунончи, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров жамиятдаги янгиланишлар ҳар бир журналист ва ижодкор зиммасига тезкорлик, холислик билан бирга ватанпарварлик, таъбир жоиз бўлса, куйинчаклик каби фазилатларни ҳам юклашини таъкидлади. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эса ушбу фикрни тўлдириб, жамият олдида ўз масъулиятини ҳис этган журналист фақат ахборот етказиб берувчигина бўлиб қолмасдан, шунинг ортидан аудиторияда ягона эзгу мақсад йўлида интилиш туйғуларини уйғотиши лозимлигига эътибор қаратди. Босма ОАВ, умуман, медиамакон ва жамият муносабатлари масаласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев тўхталар экан, муносабатини биргина хулоса - «Қандай матбуот кераклигини жамиятнинг ўзи ҳал қилади», дейиш билан ифодалади. Депутат ҳақ, бироқ ўзи газета ўқимайдиган ўқитувчи ўқувчисидан, уйига китоб олиб келмайдиган ота-она фарзандидан қандай қилиб мутолаани талаб этсин, бундай жамиятни қандай аташ лозим, деган оғриқни ичига ютганини англаш қийин эмас эди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоев, «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари Бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Расул Кушербоев ва Шерзодхон Қудратхўжа Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида ёш журналистлар ҳамда ижод оламига эндигина кириб келаётган йигит-қизлар учун маҳорат дарслари ўтди.
Медиафорум иштирокчилари учун «Навоий машинасозлик заводи» ишлаб чиқариш бирлашмасига пресс-тур уюштирилгани яна бир аҳамиятли жиҳатдир. Бу ерда навоийлик машинасозлар эришаётган залворли ютуқларни, инновацион изланишлар самарасини ўз кўзи билан кўрган журналистлар ҳайратини яшира олмади. «Журналистки, бу каби тарихий ютуқлардан бехабар экан, оддий одамларни қўяверинг», деди ҳамкасбимиз Аҳмадали Шерназаров.
Алоҳида эътирофга молик навбатдаги манзил Навбаҳор туманидаги «Янги замин нур келажаги» МЧЖ бўлди. Корхона чорвачилик (гўшт ва сут), енгил конструкцияли иссиқхона, паррандачилик (гўшт ва тухум), асалари ва балиқ маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланади. Туман аҳолисини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаб, ўзаро кооперация асосида аҳоли томонидан етиштирилган маҳсулотларни қайта сотиб олади.
Медиафорум иштирокчилари Нурота шаҳрига ташриф буюриб, «Чашма» меъморий мажмуасига саёҳат қилишди. Сўнгги беш йилнинг бунёдкорлик эпкинлари мажмуа қиёфасига бахшида этган ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди.
Журналистлар учун дунё кончилигининг мўъжизаси - «Мурунтов» конига қилинган сафар ҳам айни муддао бўлди. Улар, шунингдек, 7-гидрометаллургия заводида ҳам бўлиб, рудадан олтин ажратиб олишнинг ноанъанавий технологияси билан танишди.
Медиафорум якунида «Навоий кон металлургия комбинати» АЖ Бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов иштирокчиларни мамлакатимиз Президенти ташаббускори бўлган Навоий кон-металлургия комбинатини ривожлантиришнинг 2026 йилгача мўлжалланган дастурини муваффақиятли рўёбга чиқариш доирасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирди. Таъкидландики, айни ҳисоб-китобларга кўра дастурни икки йил аввал якунлаш чоралари кўрилиб, бир қатор янги қувватларни ишга тушириш натижасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини карраларга кўпайтириш режалаштирилмоқда.
Тадбир ниҳоясида Навоий шаҳридаги «Фарҳод» маданият саройи бадиий жамоалари ижросида катта концерт дастури намойиш этилиб, медиафорумнинг фаол иштирокчилари эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг