Бесаранг маҳалласининг эртаги қовуни: маҳаллий томорқалардан жаҳон бозоригача
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Тошлоқ туманининг Бесаранг маҳалласи аҳолиси интенсив усулда эртапишар қовун етиштириш орқали юртимиз ва хориж бозорларини забт этмоқда.
Айни пайтда маҳалладаги 55 гектар томорқаларда Нидерландиядан олиб келинган, серҳосил ва узоқ масофага ташишга яроқли эртапишар қовун навининг ҳосили етилади. Харидоргир қовунлар маҳалланинг ўзида ташкил этилган бозор орқали Фарғона водийсидаги бозорларга етказилмоқда. Шу билан бирга, қўшни республикалар ва Россияга ҳам экспорт ишлари бошланган.

«Бесаранг» МФЙ раиси Дилмурод Қосимовнинг таъкидлашича, маҳаллада қовун етиштириш асосий драйвер йўналиш сифатида белгиланган. Ҳар бир оила томорқасида қовун парвариши орқали йилига ўртача 75–120 миллион сўмгача даромад олмоқда.
Қовундан сўнг томорқаларга карам, булғор қалампири, помидор-бодринг, турли кўкатлар экилиши, шунингдек боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланиш аҳолининг қўшимча даромад манбаига айланган.

— Бундан тўрт-беш йил олдин Нидерландиянинг жаҳон бозорида машҳур ушбу навини илк бор ўз томорқамда экиб, синов-тажриба ўтказганман, — дейди маҳалладаги энг миришкор томорқачи Ихтиёр Қамчиев. — Янги нав маҳаллий иқлим шароитга тез мослашиб, деҳқончиликда маҳалла тимсолига айланди.
Унинг сўзларига кўра, бу йил 20 сотих ерда етиштирган қовуни аллақачон пишиб, ҳар куни ўртача 500–700 килограммгача ҳосил йиғиб олинмоқда. Маҳалладаги бозорда эса қовуннинг нархи килоси 7–8 минг сўмдан баҳоланмоқда.

Янги тажрибага интилувчан фермер жорий йилда Нидерландиянинг яна бир навини синаётганини, мақсад эса — келгусида маҳалланинг «Бесаранг» бренди остида янги қовун навини яратиб, уни жаҳон бозорига чиқариш эканини маълум қилди.
Айтиш жоиз, ҳозирда Бесаранг маҳалласида 1000 дан ортиқ оилада 4226 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг ташаббускор ва меҳнатсевар аҳолиси туфайли қишлоқ хўжалигида янги ютуқлар сари дадил қадам ташланмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг