Беҳбудий нега Амир Дониёл қабридан мактуб йўллади?

16:30 27 Январь 2025 Жамият
156 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Юртимиздаги кўплаб алломалар қатори Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ўз даврида Бухорода таҳсил олган. Шу боис бу қадимий шаҳардаги ҳар бир мадраса, гузар унга яхши таниш эди. Таассуфки, ўтган асрнинг бошларида не-не кечмишларнинг тилсиз гувоҳи саналган тарихий обидалар, табаррук қадамжолар эътибордан четда қолди. Аҳолининг турмуши оғирлашди. Кўҳна заминнинг ранги рўйи сомондек сарғайди.

Беҳбудий бу ҳолдан беҳад изтироб чекади. У юртнинг бир жонкуяр фарзанди, маърифатпарвари сифатида Бухорои шарифнинг аянчли аҳволига бефарқ қараб тура олмайди.

— Садриддин Айний ёзиб қолдирган хотираларга кўра, Маҳмудхўжа Беҳбудий 1912 йилнинг кузида Бухорода бўлиб, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг мақбараларини зиёрат қилгани борган, — дейди Бухоро давлат университети доценти, шу олий ўқув юрти тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори Азалшоҳ Ҳамроев. — Зиёратгоҳ ва у ердаги масжиду мадрасаларнинг ачинарли аҳволини кўриб, у анчагача ўзига кела олмайди. Мақола ёзишга жазм этади. Мақоладаги фикр-мулоҳазалар Бухоронинг манғитлар сулоласи асосчиси Амир Дониёлбий (1758-1785 йиллар) номидан ёзилган мактуб сифатида баён қилинади. Биз томонимиздан табдил этилган ушбу мактубда “Тутган усулимдан бири, муҳим ишларда барча беклар сўзларини тинглаб, охиринда ўз фикрим билан қарор қабул қилар эдим. Ҳатто севикли рафиқам Ойим: “Эл-улус ишларида сиз нима учун ҳар ким сўзин маъқул дерсиз, бегим?” — деб менга шиддатли эътирозлар қиларди. Мен унга ҳам: “Шоҳмуродим онаси, сенинг сўзинг ҳам маъқул!” — дер эдим,” деган сўзларни ўқиш мумкин.

Ушбу сўзлар мағзида жуда катта фалсафий маъно ётибди, албатта. Қолаверса, “Амир Дониёлнинг қабрдан ёзган мактуби” сарлавҳаси остида “Шўро” журналининг 1912 йил 23 – сонида эълон қилинган бу мақолада таъкидланганидек, ўзбошимча хон ва бекларни бўйсундириб, Бухоро амирлигини барпо этган Дониёлга бежизга оталиқ унвони берилмаган.

— Мақоладаги яна бир жиҳат эътиборни тортмай қўймайди, — дейди Бухородаги ZARMED университети ўқитувчиси, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мавлуда Раҳмонова. — Унда ёзилишича, Дониёл оталиқнинг рафиқаси Ойим “Ҳайитларда халқнинг болалари гул каби очилиб кийинади, ясанади, аммо менинг Шоҳмуроджоним эса эски кийимда”, дея ҳасрат қилади. Мактуб мазмунидан кўринишича, Дониёл оталиқ фарзанд таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратган. Уни хушхулқ, камтар қилиб тарбиялаган.

Мақолада Шоҳмуроднинг “Бобом Темур ҳазратларидан қолмиш муборак дахмалар (мозор, марқад) ва аллома Улуғбек, Ялангтўш баҳодир, Шайбонийхон ва бошқа буюклардан мерос масжид, мадраса ва мақбараларни ва ҳатто савмаъалар, яъни (ғайридинлар ибодатхонаси)ни ҳам татҳир этиб, яъни тозалаб, таъмирлаб, буюк Темурдан қолган Кўктош тахтини Самарқандда жулус (мажлис ва машварат жойи) этди”, деган сўзларни ўқиймизки, бу тахт ворисининг ёшлигида яхши тарбия кўрганидан далолатдир.

Беҳбудий Дониёл оталиқ номидан битилган мақолада Хожа Баҳоуддин мақбаралари яқинида бино қилинган фақирона даҳмамда ётибман, дея ёзар экан, юрагидаги туғённи юзага чиқаради: “Мендан қолган мамлакат — амирликни ворисларим қандай идора этсалар ҳам, менинг ишим йўқ. Фақатгина «Нақшдори об» бўлган Бухоро ҳукуматидан; агар ҳукумат эшитмаса, Бухоронинг бугунги ватанпарвар уламосидан; улар эшитмаса шариат аҳлидан талаб ва илтижо этаманки, меним дахмам атрофидаги муқаддас мадраса ва қорихонамда яшаётган пес, мохов, шол ва кўрлар ўрнига, илм толиблари ва қориларни қўйсинлар. Афсуски, бу ердаги масжид ва ҳужралар пес-моховлар маскани бўлиб қолган”, деган аччиқ сўзларни айтади.

Бухоролик яна бир тарихчи олим Фаррух Темировнинг ёзишича, Беҳбудий чиндан ҳам 1912 йилнинг кузида дўстларини йўқлаб Бухорога келади. Айнийнинг Кўкалдош мадрасасидаги ҳужрасида меҳмон бўлади.

— Садриддин Айнийнинг хотираларидан бирида “Хожа Баҳоуддин тарбати атрофида солинған қабатма-қабат масжидларни кўриб кўп қизди. “Намоз учун бир ерда бир масжид ва бир супа кифоя қилар эрди. Бошқа масжидларнинг ўрниға мактаб солиниб, бунда йиғилган фақир ва йўқсулларнинг болаларини ўқитсалар эди, шунча сафил кимсалар ўрниға ўз кунини кўратурғон бир тўда фаол одамлар етишар эди” деди. Амир Дониёл мадрасасининг харобаларини кўриб ғоят хафа бўлди. Халқнинг бор-йўғини еган билан тўймасдан ўз боболаридан қолғон вақфларин ҳар томон мусодара қилиб, мадрасаларини қабристонга айлантириб ташлаған амирларга лаънат ўқиди”, деган сўзларни ўқиш мумкин, — дейди Ф. Темиров.

Шулардан келиб чиққан ҳолда айта оламизки, Амир Дониёлбий номидан ёзилган мактуб аслида Маҳмудхўжа Беҳбудийни қийнаган, изтироблар исканжасига олган ўйларнинг қоғоздаги ифодаси эди.

— У нажотсиз бир паллада ўз фикрини баралла айтиш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш учун матбуот кучидан фойдаланишни ягона чора сифатида кўрди, — дейди А. Ҳамроев. — Зеро, Бухоронинг сўнгги амири Саййид Олимхон катта бобоси қабридан чиққан садоларга бефарқ бўлди. Шўро ҳокимияти даврида ҳам Беҳбудийнинг орзулари армонлигича қолаверди...

Мустақиллик бизга том маънода миллий ўзлигимизни қайтарди. Бу даврда маърифатпарвар жадид боболаримизнинг номлари оқланди. Илмий мерослари чуқур ўрганилмоқда. Ҳаётлари, ижодлари, асарлари тарғиб қилинмоқда.

Президентимизнинг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Шунга кўра, айни кунларда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Қарорда алломанинг илмий меросини ўрганиш ва уни ёшларга тушунарли тилда етказиш каби долзарб вазифа ҳам қўйилган. Биз юқорида сўз юритган Дониёлбийнинг рамзий мактуби ҳам ёшларимизнинг Маҳмудхўжа Беҳбудий шахси, унинг мақсад ва орзу-умидлари хусусидаги тасаввурларини бойитади.

Яна бир гап. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасидаги қадимги дарвозалар — Тоқи Миёна, Хожа Диловар, Боб-ус Салом асл ҳолига келтирилди. Дониёлбил мадрасаси ва мақбараси ҳам вақф ҳужжатлари асосида қайта тикланди. Баҳоуддин Нақшбанд волидалари Орифабиби зиёратгоҳи меъморий мажмуа ичидаги комплексга айлантирилди.

Бинобарин, бугун жадид боболаримизнинг орзулари ушалмоқда, дея баралла айта оламиз. Улар қолдирган бой мерос тарихий қадриятларимизнинг ажралмас бир қисми сифатида ҳамиша халқимиз эъзозидадир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?