Байрам шукуҳи тўкинчилик билан файзли

10:40 19 Август 2025 Жамият
90 0

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимиз нафаси сезила бошлади. Ҳудудларда ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирларда буюк истиқлолимиз туфайли юртда ҳукм сураётган барқарор тинчлик, тотувлик, қадр-қиммат, меҳр-оқибат туйғуларини одамлар янада чуқурроқ ҳис этмоқдалар.

Байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда вилоят маркази ва туманларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари очилган бўлиб, улар дастурхонларимизга энг сара маҳсулотларни тортиқ этяпти. Кеча Наманган шаҳрининг Усмон Носир кўчасида аҳолига хизмат кўрсатишга киришган шундай ярмарка пештахталари вилоятнинг 11 та туманидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда "Чорсу", "Сардоба" бозорларидан келтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан бойитилди.

— Биринчи куннинг ўзидаёқ 1800 килограмм мол ва қўй ҳамда 500 килограммдан ортиқ товуқ гўшти сотилган бўлса, савдо қаторларидан 5000 тонна картошка, 10 минг тоннага яқин сабзи-пиёз, яна шунча полиз, 6 минг тоннадан зиёд гуруч ҳамда дуккакли маҳсулотлар жой олди,— дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов. — Улар харидорларга бозордагидан анча арзон нархларда тақдим этилмоқда.

Айтиш керакки, байрам муносабати билан шу йилнинг 5 сентябрига қадар давом этадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ҳар куни аҳоли дастурхонини файзли қилиш учун зарур бўлган янги узилган ва сифатли полиз ва сабзавот маҳсулотлари билан тўлдириб борилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?