Бадиият олами

Минҳожиддин МИРЗО
ЭЙ, ДЎСТ
Кетган баҳорларнинг қайтиши тайин,
Яна бойчечаклар уриб чиқар ниш.
Баҳорий сабзалар энтикар майин,
Кўрпасин кўтариб кета бошлар қиш.
Кузги хазонларнинг остидан яна
Гуллар жон киргандай тирилар гуё.
Аёзлар устидан қилиб тантана
Ариқлар лабида шеър ўқир ҳулво.
Беруҳдай туюлган дарахт новдаси
Бодроқдай гулларга тўлар бегумон.
Нажотдай таралар булбуллар саси
Аммо қайтмас ортга, қайтмайди замон....
Мангулик қошида бир зумлик чўғмиз,
Жон ҳам муваққатдир, умр бир нафас.
Фасллар қайтса-да, қайтмас лаҳзалар,
Бир кун бор очилар руҳ тутқун қафас.
Эй она табиат,
Эй қодир Худо!
Асли тупроқ эрур, азал исмимиз.
Бир куни дунёга айтганча видо,
Яна тупроқ бўлар шаксиз жисмимиз.
Шундайкан, оёғинг остига қара,
Боболар кафтида турибмиз, эй дўст.
Кўкрагинг бунчалар кермагил, асли –
Уларга суяниб юрибмиз, эй дуст!
СУВ УЗРА ОЙ АКСЛАНАР
Сокин кеча, ойдин тун,
Майсазорлар шитирлар,
Юрак тўрдаги оҳу,
Ўзин уриб питирлар.
Чигирткалар жим қолар,
Келар қадам товуши...
Фариштадай нозанин
Қўлларида ковуши...
Сабо елар оҳиста –
Шивирлайди хабарчи,
Қурбақалар қуриллар,
Тундаги беор жарчи.
Сув узра ой аксланар,
Ухламайди балиқлар,
Висол суратин кўриб,
Қиқирлайди ариқлар...
Шаҳбоз ФАЙЗУЛЛАЕВ
* * *
Анор суйи оқар...
Эй уфқи бедор,
во кашшоф само –
зангори сочлари кафтимда ғижим,
Ё яшил, зулфизар, ҳомиладор тоғлар
Тўлғонар –
Дарё туғилади бу кеча.
Кимсан эй, ажнабий капалак,
Бу сарбоз томчилар кимнинг элчиси?
Йиғлама
Ё яшил,
ё яшил,
во қушноч дарахт,
бағрингни тилдими
Тангри қамчиси –
Олов туғилади бу кеча!
Ё яшил!..
Бунчалар ўйнайди ғужғон,
Гуллаган кўксимда ари уяси.
Меҳваринг бошимда –
эй наққош осмон,
Агар йўнар бўлсанг
жисмимдан ҳосил –
Бир куйрак най қолур,
Бошқа ҳеч нарса!
Ё худо.
Ё яшил..
Ё сабр – ул дарахт...
Ирода РАҲМОНАЛИЕВА
Агар нурман, агар офтоб,
Ва ё ёғду ва ё маҳтоб,
На бўлсам ҳам маним якто
Мадорим бўл...
Агар гулгун, агар дуркун,
Ва ё сўлғин ва ё сургун,
На бўлсам ҳам, сен эй кўрким,
Ҳарорим бўл...
Агар қушман, агар хушман,
Ва ё ўнгман ва ё тушман,
На бўлсам ҳам дилим хушлар
Қарорим бўл...
Агар тергар, агар сергап,
Ва ё кўксинг тилар мерган
На бўлсам ҳам фақат сенга
Борорим бўл...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг