Австриядан Чилига қадар: Тошкент вилоятида етиштирилаётган юз турга яқин маҳсулотлар дунё бозорини забт этмоқда

11:58 18 Октябр 2021 Жамият
153 0

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Astrum” IT академияси мажмуасида ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловчилар билан учрашувида ҳудуднинг экспорт салоҳияти чексизлиги, айниқса, хорижда Паркент узуми довруғи йилдан-йилга ошиб бораётгани таъкидлаб ўтилди. Бу эътироф бежиз эмас, албатта. Сўнгги маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида етиштирилаётган 97 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Австрия, Македония, Сербия, Чили каби хорижий давлатлар бозорини забт этмоқда. Вилоят миришкорлари маҳсулот экспорт қилаётган давлатлар сони 38 тага етди.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида Тошкент вилоятидаги жами 109,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспортга чиқарилган. Биргина Россия ушбу вилоятдан 44,1 млн АҚШ долларига тенг 78 турдаги мева-сабзавотларни харид қилмоқда. Бундан ташқари Қозоғистон ва Хитой ҳам харидорлар рўйхатининг аввалида турибди.

Хориж бозорларига экспорт қилинаётган сарҳил мевалар ичида гилос ҳажми йилдан-йилга ошиб боряпти. Бугунгача еттита давлатга 11,6 млн. АҚШ доллари миқдорида гилос сотилгани бунинг исботи. Шунингдек, жорий йилда хорижга экспорт қилинган 16,2 минг тонна узум ҳосилининг тенг ярми Паркент туманида етиштирилган. Саратон офтоби тиғида пишиб қуритилган мева-сабзавотларнинг ҳам бозори чаққон. Масалан, АҚШга 1 млн. доллар миқдорида 317 тонна қуритилган полиз ва сабзавот маҳсулотлари етказиб берилди. Мутахассисларнинг фикрича, агар ютуқлар шу зайлда давом этса, Тошкент вилояти иқтисодиёти юксалиш суръатида пешқадамлар сафида бўлмоғи тайин.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, Халқ сўзи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?