Австрия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга келди

17:34 07 Ноябрь 2021 Сиёсат
1333 0

Фото: Дунё АА

Австриянинг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэл Линхарт бугун Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонаси маълумотига кўра, ташриф доирасида Австрия ТИВ раҳбари Тошкентда Инвестициялар ва ташқи савдо, Ташқи ишлар вазирликларида расмий музокаралар ўтказади.

Учрашувлар чоғида сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари кўриб чиқилади.

Вазир Михаэл Линхартнинг ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон-Австрия бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтади. Тадбирда икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва бизнес тузилмаларининг 200 дан ортиқ вакили иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ташриф Австрия ТИВ раҳбарининг сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифидир. Австрия ташқи ишлар вазири Бенита Ферреро-Валднер Ўзбекистонга охирги марта 2000 йилда ЕХҲТнинг амалдаги раиси сифатида келган эди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар янги даражага кўтарилди. Ҳамкорлик кўп қиррали хусусият касб этиб, жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Хусусан, томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасида 2018 йил ташқи савдо айланмаси икки баравар ошди ва кейинги йилларда ҳам ижобий ўсиш динамикаси сақлаб қолинмоқда. Бундан ташқари, Австрия компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштироки сезиларли даражада фаоллашди.

Масалан, Тошкент шаҳридаги «Ҳумо-Арена» муз мажмуаси ва «Миллий» стадиони қурилишида Австриянинг «Oberhofer Stalbau» ва «Haslinger Stalbau» компаниялари, «Амирсой» тоғ-чанғи курортини қуриш лойиҳасини амалга оширишда эса «Доппелмайр» компанияси иштирок этган. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?