Асрлар тўфонидан омон қолган минора

16:50 13 Ноябрь 2024 Жамият
279 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё тарихи жуда бой. У кўп даврларни ўз бағрига олган. Асрлар давомида бу замин тарихий, бадиий китобларни безаб келади. Археологлар, тарихчилар ва гўзал архитектурани севувчи сайёҳларни ўзига мафтун этади.

Биз Жарқўрғон минораси тарихини излаб, Сурхон тупроғида яна бир катта хазина мавжудлигига амин бўлдик. Ушбу обида тарихининг бошланиши буюк салжуқий султонларидан бири бўлган Султон Санжар ҳукмронлик даврига тўғри келади.

Хўш, Жарқўрғон минораси қайси жиҳатлари билан тарих мўъжизаси саналади?

— Сурхон воҳасидаги қадимий миноралардан бири бу Жарқўрғон минорасидир, — дейди тарихчи Ҳасан Саидов. — Минора Қумқўрғон ва Термиз туманлари ўртасидаги Минор қишлоғида жойлашган. Минора пештоқида сақланиб қолган ёзувлар иншоотнинг 1108-1109 йилларда қурилганидан далолат беради. Минора асосида меъмор номи Али ибн Муҳаммад Сарахсий ва қурилган санаси ёзилган. Шунингдек, миноранинг тепа қисмидаги китобада “Басмала”дан сўнг Куръони карим “Тавба” сураси 18-оятининг ярми акс эттирилган. Битиклар куфий хатида битилган. У археолог ва шарқшунос олим Василий Афанасьевич Шишкин томонидан ўқилган. Миноранинг умумий баландлиги 50 метрга яқин бўлиб, ҳозир миноранинг омон қолган қисми 21,6 метрни ташкил этади. Жарқўрғон минораси қурилишида оддий ғишт, равоқлар ва эпиграфик ҳошиялар жуда усталик билан қўлланилган. Миноранинг асоси 8 қиррали баланд курсига ўрнатилган. Ҳар бир қирранинг марказида равоқли тахмончалар ишланган. Ана шундай тахмончалардан бирида жойлашган эшик орқали минора ички қисмидаги айланма зинага чиқилган. Барча минора каби Жарқўрғон минораси ҳам гумбазсимон муаззинхона билан якунланган.

Жарқўрғон минораси меъморий-бадиий ечими билан Марказий Осиёда ягона тарихий иншоот саналади, — давом этади тарихчи. — Минора ноодатий декоратив безак билан безатилган. Унинг безакларидан кўзингизни узолмайсиз. Ғиштларнинг маҳорат билан арча нақшида терилганлиги тўқилганлик эффектини яратади. Миноранинг остида турганингизда, ғиштларнинг терилгани ғишт эмас, балки мато каби кўринади. Минора бир-бирига улашган ўн олти ярим устундан иборат. Минтақада илгари ишлатилмаган бу безак кўпроқ Шимолий Ҳиндистонда қўлланилган. Шунингдек, Хуросон минораларига ҳам яқин туради.

Миноранинг силжиган ўқи туфайли у тугалланмаган ёки қисман вайрон бўлган деб тахмин қилинади. 1879 йилда минора яқинида қадимий масжиднинг харобалари топилган. Бу минора қурилиши алоҳида амалга оширилганидан далолат беради. Минорага нима бўлганлиги ва нима учун масжид вайрон қилинганлиги тўғрисида тарихчилар бир фикрга кела олмаган. Эҳтимол, янги бино қуриш учун бинолар қасддан бузилган, деган тахминлар ҳам бор.

Мустақиллик йилларида тарихий обидалар — халқ мулки сифатида қаралди. Ўзбекистонда тарихий-маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, таъмирлаш-тиклаш ишлари давлат сиёсати даражасида қаралди. Шулар қаторида Жарқўрғон минораси ҳам таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Давлат томонидан муҳофаза қилинадиган обидалар қаторидаги ушбу қадимий ноёб иншоот айни пайтда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳайратини оширмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?