Арк қўрғонидан қабр тоши бўлаги топилди

13:58 15 Ноябрь 2024 Жамият
681 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухородаги қадимий Арк қўрғонида таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бораётган усталар қабр тоши парчасига дуч келишди. Табиийки, бу топилма бизни ҳам қизиқтириб қўйди.

— Узоқ йиллик фаолиятим давомида шунга ишонч ҳосил қилдимки, Бухоронинг ҳар бир қарич тупроғи муқаддас, — дейди 74 ёшли реставратор-уста Карим Толибов. — Мен бутун бошли уй-жойлар, биноларнинг пойдевори остидан сағана тошлари чиқди, дейишса сира ажабланмайман. Манбалар шаҳримизда ХХ аср бошларига қадар ўттиздан зиёд қадимий қабристон бўлганидан хабар беради. Ҳозир ҳам эски шаҳарнинг тор кўчалари бўйлаб юрсангиз йўл чети ёки ҳовлиларда авлиёлар қабрини кўрасиз. Шогирдларимиз томонидан топилган тош парчасига келсак, ундаги ёзувни ўқиш фойдадан холи эмас.

Кекса реставратор маслаҳатига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, шарқшунос, манбашунос, тарих фанлари доктори Комилжон Раҳимовга мурожаат қилдик. Бухоро тарихи, хусусан, тасаввуф илмини чуқур ўрганаётган олим бу қайсидир бир амирнинг қабртоши эканлигини, араб тилида гўзал сулс хатида битилганини, афсуски, унда исм-шариф сақланмаганини, фақат эпитет, яъни ўша шахснинг фазилатлари тасвирланган сўзларнинг айримлари бизгача етиб келганини таъкидлади.

— Тош парчасида (Ҳазал – мар) қад ал-амир ал-амжад... ад-давлат вад-дин...” сўзларини ўқиш мумкин, — дейди К. Раҳимов. — Таржимаси “Бу қабртош буюк амир... давлат ва дин ( суянчи)...” дан иборат. Бошқа сўзлар ўчиб кетган. Шунинг учун улар ўрнига нуқталар қўйилди.

Олим шу топилма баҳонасида жўяли бир таклифни ҳам ўртага ташлади.

— Бухоро давлат музей-қўриқхонасида патнис, коса-товоқ, чойдўш, матога туширилган битиклар, ёзувли ашёлар кўп, — дейди у. — Уларни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва шулар асосида китоб-альбом тайёрлаш фойдадан холи эмас. Шундай қилинса, халқимиз бой маънавий меросининг ажралмас бир қисми саналган бу ёзувлар мазмун-моҳиятидан нафақат бугунги, балки келгуси авлодни ҳам баҳраманд этган бўлур эдик. Аждодларимизнинг турмуш тарзи, анъана ва урф-одатлари ҳақидаги тасаввурларимиз кенгаярди. Бу хорижий сайёҳларда ҳам қизиқиш уйғотиши тайин.

Бу ўринли таклиф, албатта. Соҳа масъуллари шу ҳақда ўйлаб кўришади, деган умиддамиз.

Дарвоқе, олимнинг айтишича, реставратор-усталар томонидан топилган тош полиграфик жиҳатдан ХIII асрга дахлдор туюляпти. Бинобарин, у қадру қийматли ашё сифатида музей экспонатлари қаторидан ўрин олса ажаб эмас.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер