АҚШда 17 ёшли йигит Трампга суиқасд уюштириш учун ўз ота-онасини ўлдирди

АҚШнинг Висконсин штатида яшовчи 17 ёшли Никита Касап пресидент Дональд Трампга суиқасд қилишга уринган. Бу ҳаракатни содир этиш учун у ўз ота-онасини ўлдирган, деб хабар бермоқда «NBC News» нашри.
Маълум бўлишича, Федерал қидирув бюроси ошкор қилган ҳужжатга кўра, 17 ёшли Никита Касап жорий йилнинг 11 февраль куни отаси 51 ёшли Дональд Майер ҳамда онаси 35 ёшли Татьяна Касапни ўлдириб, жасадларни хонадондаги кийимлар орасига яшириб, 10 кундан ортиқ вақт давомида сақлаб келган.
Бироз вақтдан сўнг, Никита Касап отасининг шахсий автомобилида ҳаракатланиб кетаётганда йўл қоидасига риоя қилмагани учун шаҳар полицияси томонидан тўхтатилган. Йигитнинг шубҳали ҳаракатлари сабаб полиция уни ҳибсга олишга қарор қилган.
Дастлабки ўрганишлар натижасида, у ўз ота-онасини молиявий мустақилликка эришиш, бу орқали эса ўз режаларини амалга оширишни мақсад қилгани ойдинлашган. Шунингдек, тергов давомида Касапнинг қўл телефонидан неонацистик ташкилотга оид бир қанча материаллар топилган. Бу эса тергов ишларининг янада чуқурлашишига сабаб бўлган. Аниқланишича, ўсмир йигит экстремистик гуруҳ аъзолари билан мунтазам алоқада бўлиб, бажармоқчи бўлган ишлар режасини ҳам тақдим қилган.
Мазкур режалар рўйхатидан АҚШ президентига суиқасд уюштириш, ирқлар аро низо уйғотиш, суиқасд қилиш усуллари, портловчи бомба ясаш бўйича кўрсатмалар ва президентга қарши террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш режалари баён этилгани аниқланган.
Маълум бўлишича, Никита Касап иши бўйича терговга АҚШ Махфий хизмати ҳамда ФҚБ ҳам аралашган. ФҚБ Касапни фитна қўзғаш, президентга суиқасд уюштириш ҳамда оммавий қирғин қуролидан фойдаланишга уринишда айблаб жиноят иши очган.
Қўшимча қилинишича, ўсмир портловчи бомба ёки жуда кучли таъсир қилувчи заҳарни белгиланган манзилга етказиш учун махсус дрон харид қилиш учун қисман тўловни ҳам амалга оширишга улгурган. Шунингдек, унинг Телеграм мессенжеридаги суҳбатларида, суиқасди амалга ошгандан сўнг Украинага қочишни режалаштираётгани ҳақида ҳам маълумотлар топилган.
Бугунги кунда, Касапга тўққизта айблов иши, жумладан, биринчи даражали қотиллик, АҚШ президентига суиқасд уюштириш, фитна қўзғаш, ирқлараро низолар келтириб чиқариш каби жиноятлар бўйича иш очилган. Никита Касап ҳозирда Қўшма Штатлардаги федерал қамоқхоналардан бирида сақланмоқда. Суд жараёнлари якунида унинг айби тасдиқланса узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши тахмин қилинмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг