А.Қодиров: Фикримнинг нотўғри эканлиги исботланса раҳмат айтиб ўзгартираман

11:01 03 Август 2020 Сиёсат
1601 0

Кеча «Менинг юртим» каналида эфирга узатилган кўрсатувда Шуҳрат Мусаевнинг билдирган фикри қанчалар импульсив бўлмасин айрим «блогерликка даъвогар»ларнинг холисликдан маҳрум «минғир-синғир»ларидан кўра тушунарлироқ. Мунозара қилиш мумкин.

Ҳар қандай мунозара, танқид, тортишувларга тайёрман. Фикримнинг нотўғри эканлиги исботланса раҳмат айтиб ўзгартираман. Лекин аламзадаликдан ҳавосиз қолиб кетган уюшган ғийбатчилар гуруҳларини Конфуцийнинг доно ўгитига амал қилиб айланиб ўтаверамиз.

Биринчидан, таклифда Россиядаги 4,5 млн. патентли ва 4 млн. патентсиз ватандошларни даволатиш ҳақида гапирилмаган. Улар ҳозирги шароитда қайтиш ҳақида ўйлашмаяпти ҳам, билишимча. Маълумотларга қараганда қайтмоқчи бўлганларнинг умумий сони 3 - 3,5 мингдан кўп эмас. Уларни жойида тестдан ўтказиш, аниқланган оғир шаклларни ўша ернинг ўзида даволашни ташкил қилишни назарда тутганман. Хоҳлаган тақдиримизда ҳам ҳаммани бир ҳаракатда олиб келиш учун жой йўқ. Вирусни аниқлаш бўйича кунлик кўрсаткичда 700-800 га ҳам чиқиб олдик. Демак, барибир жойни бўшаши ва чартерларни кутиш керак. Кутиш давомида даволанишнинг муҳим даври бой берилмаслигига кафолат борми? Шу пайтда уларни ўша ерда тестдан ўтказиб, енгил формани изоляцияда, оғир формани касалхонада даволанишини ташкил қилиш учун ТИВ, Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши кураш фонди, Меҳнат вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликларга нима халақит бермоқда?

Вирус ташувчисини изоляция қилишда ватандошимиз яшаётган давлат биздан кам манфаатдор эмас. ЖССТ пандемия протоколининг талабларидан бири ҳам давлатлараро қатновларни тўхтатиш ва фуқаролигига қарамасдан вирус ташувчиларни аниқлаш ва изоляция чоралари билан қамраб олишдан иборат. Даволаш эса давлатларнинг келишуви асосида амалга оширилади.

Бугун Ўзбекистонда вируснинг оғир шаклидан даволанаётган битта беморга 40 млн. сўмгача маблағ ишлатиляпти. Даволаш схемаси ЖССТ томонидан тасдиқланганига қараганда бошқа давлатларда ҳам шу атрофда, балки бироз қимматроқ бўлар, лекин бундайлар сони кўп бўлмайди. Такрор айтаман, бу чора Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлаётган ватандошларимизнинг ичида касаллик оғир кечаётганларига тегишли. Бу чора Ўзбекистонга янги вирус штаммини кириб келишини олдини олиш мақсадида қилинаётганлигини унутмаслик керак.

Хориждаги ватандошимизни оиласи бағрига вируссиз, саломат қайтариш таклифидан «ватандошимизни ватанга киритмаслик керак» деган хулосани чиқариб олиб «хайп» қилаётганларни соғлом фикрлашига шубҳам бор.

Иккинчидан, ҳар бир хориждаги ватандошимиз Ўзбекистоннинг фуқароси. Албатта давлатимиз ҳимоясида! Лекин дунёда пандемия ҳукм сурмоқда. Одамлар вирус ташияпти. Бу вирус мутацияланиш, моделлашиш бўйича алоҳида «қобилият» кўрсатяпти. Эътибор беринг, биринчи тўлқинда биз вирусни жиловладик. Лекин иккинчи тўлқин Ўзбекистонда моделлашмади, янги штамм хориждан кириб келди! Бу ҳали эҳтимол, лекин айрим мутахассислар моделлашган вирусни хориждан келган ватандошларимиз карантин зоналаридан олиб чиқишди, дейишмоқда. Бу масъулиятсизлик эмас, кўпроқ вируснинг нотанишлиги ва «уддабуронлиги» билан боғлиқ. Олимларни қўрқитаётган жиҳати ҳам шунда. Шу нотаниш штамм бугун расмий статистикага кўра 200 га яқин ватандошимизнинг умрига зомин бўлди. Ёки вафот этганлар ватандошларимиз эмасмиди? Уларнинг ҳаёти хориждаги ватандошларимизникидан камроқ қадрлими?

Яна илгарироқ кетаман, тахмин қилинишича, вирус моделлашишда давом этади. Кузда, айнан шу типдаги вирусларнинг «ўйнаб-куладиган» вақтида барча карантин тадбирларидан «яшириниб» янги штамм кириб келиб, янги тўлқин пайдо қилса нима қиламиз? Нафақат соғлиқни сақлаш, балки ҳамма соҳа юзага келган босимга зўрға чидаяпти. Босим ортса нима бўлади? Жавоб борми?!

Учинчидан, бу таклифни ҳеч кимни жиғилдонига ёқиш учун бермадим. Бу фикрни муҳокама ҳам қилмаймиз. Биз ҳам халқимизга фойдамиз тегсин деб ҳаракат қиляпмиз.

Фаол жамоатчи дўстларимизга эслатиб қўйиш керак шекилли, ПАРТИЯ СИЗнинг фикр, таклиф ва қўллаб-қувватлашингиз асосида, СИЗ билан Ҳукуматга интиладиган нодавлат ташкилотдир. Бу ташкилотдан жамиятимизни яхшилаш учун ҳисса қўшишда фойдаланишингиз керак, ғазабингизни сочиш, аламингизни тўкиш ва лойга ботиришда эмас. Партия Парламентда сизнинг фикрларингизни илгари суриши мумкин. Хатолар, албатта, бўлади, муҳокама қилинади ва тузатилади. Жамиятдаги ҳамма хатолар учун айбдор сифатида депутатлар ва партияларни кўрсатавериш ўзгаришга хизмат қилмайди. Жамиятимизда эркин мулоқот муҳитини янги шаклланаётганини ҳисобга олиб уни кимларнидир эгоистик интригалари билан яралаш эмас, маданиятли мулоқотларимиз билан асраб-авайлашимиз керак.

Таклифлар ва ҳамкорликка доимо очиқмиз.

Алишер ҚОДИРОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 
Спикери ўринбосари,

«Миллий тикланиш» демократик партияси
Марказий кенгаши раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?